Москвадаги Озарбойжон диаспораси раҳбари Бахтиёр Гасанов Россиядан депортация қилинди. Бу ҳақда Озарбойжоннинг APA агентлиги хабар бермоқда.
Гасанов 2025 йилда Россия фуқаролигидан маҳрум этилганди. Июнь ойида Гасанов қўлга олиниб, Мигрантларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.
17 август куни Озарбойжон уч нафар россиялик — Россия Транспорт вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Алексей Чадаев, «Москва 24» телеканали бошловчиси Иван Князев ва сиёсий маслаҳатчи Семён Ураловни сиртдан ҳибсга олди ҳамда қидирувга берди. Улар YouTube’даги Озарбойжонга бағишланган кўрсатувдаги фикрлари сабабли «адоват қўзғатиш» ва «террорчиликка даъват қилиш»да айбланган.
Озарбойжон ва Россия расмийлари 2025 йилнинг ёзида Россия Федерацияси ҳудудида Озарбойжон диаспоралари вакилларига қарши оммавий рейдлар ўтказилганидан буён бир-бирларининг фуқароларини ўзаро таъқиб қилиб келмоқда. Озарбойжон ҳам, ўз навбатида, Россия тарғибот оммавий ахборот воситаларининг бир неча ходимини ҳамда 11 нафар тасодифий россияликни — сайёҳлар ва релокантларни ҳибсга олган. ОАВ ходимлари бир неча ойдан сўнг қўйиб юборилган, қолганлар эса реал қамоқ муддатларига ҳукм қилинган.









