Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг мулоқотдаги нутқидан асосий фикрларни келтириб ўтди.
➖ Беш йилда бизнесга тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим берди, бу борада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинди.
➖ Ўтган даврда бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб 3 карра ошиб, 450 триллион сўмга етди, тадбиркорлар 650 триллион сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланди.
➖ Кўплаб бизнес вакиллари хорижий банклардан ўз лойиҳаларига мустақил 1 миллиард доллар жалб қилди.
➖ Бугун тадбиркорлар “бизнесни бошлаш” босқичидан “капитални кўпайтириш” босқичига ўтмоқда.
➖ Сўнгги беш йилда корхоналарнинг асосий капиталга йўналтирган инвестициялари 3 карра кўпайиб, 363 триллион сўмга етди.
➖ Саноат ҳажми 100 миллион доллардан ошган туманлар сони 66 тадан 116 тага етказилди.
➖ Ай-Ти, финтех ва бошқа сервис соҳалари жуда тез ўсаётгани учун хизматлар ҳажми “1 триллион сўмлик марра”дан ўтган туманлар 152 та бўлди (2021 йилда 41 та эди).
➖ Етакчи халқаро маркет-плейслар билан ишлаётган корхоналар сони 3,5 мингга етди, илгари улар 100 та ҳам бўлмаган.
➖ Бизнесини маҳаллада бошлаган ва Ўзбекистон бўйлаб ўнлаб филиалларга эга тадбиркорлар 550 тадан, миллий брендини яратганлар эса, 300 дан ошди.
➖ “BYD”, “ADM Jizzax”, “Sirdaryo Asaka motors” каби замонавий автомобиль заводлари қурилгани – бу соҳага янги компетенция ва технология олиб кирди.
➖ Қорақалпоғистон, Навоий, Чирчиқ, Жиззах ва Фарғонадаги кимё кластерларида юқори қўшилган қиймат берадиган 40 та янги қувват ишга туширилди.
➖ Қисқа даврда Хоразмга 4 миллиард доллар хорижий инвестиция кириб, 10 мингта янги қувват ишга туширилди.
➖ Тупроққалъа ва Янгиариқда жами 275 Мега-ваттли электр станциялар барпо қилингани корхоналарни барқарор энергия билан таъминлашга хизмат қилаяпти.
➖ Ўтган ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди.
➖ “Fitch” ва “Moody’s” халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади.
➖ Жаҳон банкининг инвестиция ва ишбилармонлик муҳити тўғрисидаги ҳисоботида Ўзбекистон етакчи давлатлар қаторидан жой олиб, 31-ўринни эгаллади.
➖ Шу йилнинг ўзида хусусий корхоналар йирик давлат компанияларидан 4 триллион сўмлик кооперация буюртмаларини олишга эришди.
➖ Стратегик корхоналар маҳаллийлаштириш учун 650 дан зиёд янги маҳсулот рўйхатини эълон қилгани тадбиркорлар учун қўшимча 1 миллиард долларлик бозор яратди.
➖ Қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилгани 600 минг кичик бизнес вакилига катта далда бўлди.
➖ Кафе ва ресторанларга қўшилган қиймат солиғидан 100 миллиард сўм “кэшбек” сифатида қайтарилди.
➖ Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғининг “ноль” ставкаси белгилангани ҳисобига 400 миллиард сўм фермерларнинг ўзида қолди.
➖ Қозоғистонда 11 турдаги қурилиш материаллари импортига қўйилган чеклов бекор қилинди.
➖ Туркманистон билан ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан ўзаро божсиз савдо режими йўлга қўйилди.
➖ Иордания билан 150 турдаги, Покистон билан 88 турдаги, Эрон ва Афғонистон билан 34 турдаги маҳсулот бўйича имтиёзли савдо битимлари тузилди.
➖ Монголия, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Миср ва Ҳиндистон билан ҳам бундай келишувлар бўйича иш олиб борилмоқда.
➖ Жиззахда атом электр станцияси, Олмалиқда тўртинчи Мисни бойитиш фабрикаси, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида янги замонавий автомобиль йўллари қурилмоқда.
➖ Хоразмда экологик авиа-ёқилғи мажмуаси, Сурхондарёда 940 гектарда замонавий иссиқхона, Юқоричирчиқда Янги Тошкент аэропорти қурилмоқда.
➖ Бу йил қиймати 27 миллиард доллар бўлган 105 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳалари бошланади.
➖ Барча ҳудудларда жами 3 миллион аҳоли учун янги массивлар барпо этилмоқда.
➖ Йирик лойиҳаларда ўз маҳсулоти ва хизмати билан иштирок этмоқчи бўлган тадбиркорлар учун хорижий инвесторлар билан тенгма-тенг шароит яратиб берилади.
➖ Транспорт-логистика соҳасидаги тадбиркорларга юк машиналарини импорт қилишда бож ва утилизация йиғими олиб ташланди.
➖ Маҳаллий операторларга халқаро ташувлар учун вагон тақдим этишда қўшилган қиймат солиғи “ноль” ставкага туширилади.
➖ Келаси йил Грузиянинг Поти портида қуввати 500 минг тонна бўлган логистика маркази ишга туширилади, Анаклия порти лойиҳаси бўйича ҳам амалий ишлар бошланди.
➖ Олот, Термиз, Янгийўл, Оҳангарон туманлари ва Хонобод шаҳрида йирик транспорт-логистика марказлари ташкил этилади.
➖ 2027 йилда Тошкент халқаро молия маркази ва “Enterprise Uzbekistan” халқаро рақамли технологиялар маркази ишга туширилади.
➖ Сўнгги йилларда банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликнинг ўзида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилди.
➖ “Кредит хизматлари ягона рақамли портали”да тадбиркор битта ариза беради, банклар эса мижоз учун рақобат қилади.
➖ Бизнеснинг ҳар бир босқичига мос қўллаб-қувватлаш чоралари ва молиявий механизмларни тақдим этадиган яхлит экотизим яратилади.
➖ Янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.
➖ Кичик тадбиркорлар учун гаров таъминоти масаласини ҳал қилиш мақсадида “контр-кафолат” тизими жорий қилинади.
➖ Энди 10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, яна 15 фоизини банклар зиммасига олади. Тадбиркорга кредит олиш учун 25 фоиз гаров топиш етарли бўлади.
➖ “Виртуал солиқ маслаҳатчиси” орқали тадбиркорга харажат ва хатони камайтиришга хизмат қиладиган сунъий интеллект портали ишга тушди.
➖ 2027 йилдан “сунъий интеллект ёрдамчилари” қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматлари жараёнларига ҳам жорий қилинади.
➖ Тадбиркорларни бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган, биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича ҳамроҳлик қиладиган комплекс тизим яратилади.
➖ Давлат активини сотиб олишда аванс миқдори 30 фоиздан 15 фоизга туширилади.
➖ Олти ой давомида тўловларни тўлиқ амалга оширган тадбиркорларга 25 фоиз чегирма берилади. Жами сумманинг ярмини тўлаганлар қолганини 7 йилда фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин бўлади.
➖ Уч ойда сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача камайтирилади. Аукцион муддати 30 кундан 15 кунга, такрорий савдода 10 кундан 5 кунга қисқаради.
➖ Ерлар қурилишга рухсати, архитектура режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан “тайёр пакет” шаклида савдога чиқарилади.
➖ Инфратузилма йиғими бўйича аванс тўлови 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.
➖ Банклардаги 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулкни чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз, фоизсиз, бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилади. Банклардан ушбу объектларни сотиб олган тадбиркорлар бир йил ер ва мулк солиғини тўламайди.
➖ Навоий, Жиззах, Наманган, Ургут ва Ҳазорасп махсус иқтисодий зоналарининг бир қисмида “Бонд саноат зоналари” ташкил этилади.
➖ “Бонд саноат зоналари”да тадбиркорларга тайёр биноларни инфратузилмаси билан тақдим қилишга 50 миллион доллар ажратилади.
➖ АСКУЭ ва АСКУГ тизимига уланган, тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун электр энергияси ва газ бўйича аванс миқдори 100 фоиздан 15 фоизга туширилади.
➖ Давлат объектлари сметасида пудрат корхоналари учун 7 фоиз фойда кўзда тутилади. Лойиҳалаш ишларига эса объект қийматининг 4 фоизидан 7 фоизигача маблағ ажратилади.
➖ Сунъий интеллект ва замонавий ёндашувларни жорий қилган тадбиркорларнинг 54 фоизида маҳсулотга талаб кескин ошган, 25 фоизида таннарх сезиларли камайган, 40 фоизида ишчилар ойлиги 10 фоиздан юқори ўсган.
➖ Рақамли Ҳукумат марказида биринчи супер-компьютер кластери фаолияти йўлга қўйилди. Келаси йил унинг қуввати 3 карра оширилади.
➖ “10 минг корхона учун – сунъий интеллект ҳамкор” дастури бошланади.
➖ Корхоналарга сунъий интеллект жорий қилиш харажатининг 50 фоизи – 30 минг долларгача компенсация қилинади.
➖ Янги маҳсулотлар сунъий интеллект моделини яратиш учун супер-компьютер имкониятларидан бепул фойдаланиш мумкин бўлади.
➖ Корхоналарнинг янги маҳсулот яратиш, илғор технологияларни жорий қилиш бўйича илмий-тадқиқот харажатлари бюджетдан қопланади.
➖ Электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати корхоналарига автоматлашган бошқарув тизимларини жорий қилиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.
➖ Маҳаллий корхоналарнинг капитал бозорига жадал кириб бориши учун нуфузли инвестиция банклари билан акселерация дастури йўлга қўйилади.
➖ Ҳар йили йиллик даромади 1 триллион сўмдан юқори бўлган 50 та корхона танлаб олиниб, уларни “IPO”га тайёрлаш ва ҳисоботларини халқаро стандартларга мослаштириш харажатларининг ярми қоплаб берилади.
➖ Корхоналарга ташқи бозорга чиқишдаги барча жараёнларда комплекс хизмат кўрсатадиган “экспорт навигатор” тизими йўлга қўйилади.
➖ Ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаши мумкин бўлган 100 та маҳсулот рўйхати тузилиб, ҳар бири бўйича рақобатчилар, тариф тизими ва логистика бўйича ечимлар ишлаб чиқилади.
➖ 2 мингта корхонада ишлаб чиқаришни ташқи бозор ва харидор сегментига мослаштириш дастури амалга оширилади.
➖ 100 та маҳсулот бўйича тадбиркорларга ҳар бир бозор кесимида стандарт ва сертификатлар олишга кўмаклашилади, экспорт учун янги молиявий механизмлар ва энг оптимал логистика маршрутлари ишлаб чиқилади.
➖ Тадбиркорларга хорижий “бренд-мейкер” олиб келиш харажатининг ярми – 500 минг долларгача тўлаб берилади.
➖ Ташқи бозорларда миллий брендларни тарғиб қилиш ва уларни халқаро талабларга мослаштиришга 50 минг долларгача субсидия берилади.
➖ Маркет-плейслар орқали маҳсулотларни омборга жойлаштириш ва сотиш билан боғлиқ харажатларнинг ярми – 50 минг долларгача компенсация қилинади.
➖ Халқаро тендерларда иштирок этишга йўл-йўриқ кўрсатадиган консалтинг компаниялари харажатининг 80 фоизи – 50 минг долларгача қоплаб берилади.
➖ Барча экспортчилар учун тенг шароит яратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ягона тизим қилинади. Бунга 1 миллиард доллар йўналтирилади.
➖ Дипломатлар “тадбиркорларнинг элчиси”га айланади.
➖ Катта экспорт бозоримиз бўлган 20 та ва истиқболи юқори яна 5 та давлатда фаол ишлаётган тадбиркорларга “экспорт элчилари” мақоми берилади.
➖ Экспортчилар йил якунигача қарзни қоплаш учун банкдаги ҳисобрақамига валюта қўйса, бу экспорт тушуми сифатида қабул қилинади.
➖ Товар экспорти учун тўлов тушмаган бўлса ҳам, экспорт қилишга чеклов олиб ташланади. Инвойс орқали экспорт қилишда олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш талаби ҳам бекор бўлади.
➖ Савдо уйи ва дистрибьюторлар орқали қилинган экспорт бўйича валюта тушумини таъминлаш муддати 180 кундан 365 кунга узайтирилади.
➖ Экспортчи фойдасига суд қарори чиққан шартномалар бўйича жарима қўллаш тўхтатилади.
➖ Уч йилда бизнесга солиқ юки 13,4 фоиздан 12 фоизга камайди. Ўтган ўн йилда яширин иқтисодиёт 50 фоиздан 26 фоизгача қисқарди.
➖ Иқтисодиётни “соя”дан чиқариш текшириш билан эмас, аксинча, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали бўлиши керак.
➖ Кичик бизнес фаолиятида инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текшириш учун уч йил муддатга мораторий эълон қилинади.
➖ Энди ўрта ва йирик тадбиркорлар корхонасини ихтиёрий профилактик аудитдан ўтказса, унинг хулосасини солиқ органи тан олади.
➖ Аниқланган камчиликни бартараф қилган тадбиркор жаримага тортилмайди ва ушбу давр учун солиқ органи текширув ўтказмайди.
➖ Ёнғин хавфсизлиги, қурилиш, санитария ва карантин тизимларида ҳам профилактик аудит механизми йўлга қўйилади.
➖ Йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади.
➖ Ҳозир 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак.
➖ Барча турдаги жарималар миқдори ўртача 2 баробарга камайтирилади.
➖ Давлат харидида қабул қилинган товар бўйича закалат пули автоматик қайтадиган тизим жорий қилинади.
➖ Келаси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларни кўришда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” тамойили жорий қилинади.
➖ Энди тадбиркорнинг айбдорлиги судда исботланмагунча, у айбсиз деб ҳисобланади, жарима ва бошқа таъсир чоралари қўлланилмайди.
➖ Тадбиркорларга иқтисодий ва молиявий жарималар қўллашда “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси йўлга қўйилади.
➖ Биринчи марта қоида бузган, лекин фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорларга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.
➖ Тадбиркор фойдасига қарор чиқарилган ишлар бўйича давлат идораларининг етарли асос бўлмаса-да, ишни охирги инстанциягача олиб боришига чек қўйилади.
➖ Назорат органлари биринчи инстанциядан кейинги ҳар бир босқичда судга мурожаат қилиш учун давлат божини тўлаши мажбурий бўлади.
➖ Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгашига божхона, қурилиш, санитария, карантин ва ветеринария соҳаларидаги низоларни кўриб чиқиш ваколияти ҳам берилади.
➖ Тадбиркорликка оид давлат хизматларининг 50 фоизи “сукут – розилик” тамойилига ўтказилади.
➖ Агар тадбиркорнинг аризаси белгиланган вақтда кўриб чиқилмаса, мурожаат автоматик равишда тадбиркор фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади.
➖ Лицензия бўйича ариза рад қилинган ҳар бир ҳолатни Бизнес-омбудсман ўрганади. Асоссиз рад қилиш учун жавобгарлик кучайтирилади.
➖ 30 дан зиёд фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади.
➖ Яна 35 та лицензия ва рухсатномани бериш муддати 2-3 карра қисқартирилади.
➖ 10 та лицензия ва рухсатнома хабардор қилиш тартибига ўтказилади.
➖ Озиқ-овқат экспортида талаб этиладиган 3 та рухсатнома – ветеринария, санитария ва фитосанитария ҳужжатлари ўрнига “Ягона саломатлик сертификати” берилади.
➖ Янги лицензия ва рухсатнома жорий қилишдан олти ой олдин у 3 та ҳудудда экспериментдан ўтказилади.
➖ Бизнес вакилларининг ижро ҳужжатлари, айниқса, тадбиркор мулкига тақиқ қўйиш билан боғлиқ эътирозларини ҳал қилиш учун ижро масалалари бўйича алоҳида учрашув ўтказилади.
➖ Йил бошидан юртимизга 8 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди, уларнинг Ўзбекистонда бўлиш муддати 8 кунгача узайди.
➖ Меҳмонхона қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашга 50 миллион доллар ресурс ажратилади.
➖ Тадбиркорларга меҳмонхона қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 10 йил муддатга миллий валютада 16 фоизли кредит берилади.
➖ Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхона қуришга субсидиялар бериш муддати яна икки йилга узайтирилади.
➖ Субсидия олиш учун меҳмонхона тоифасини тасдиқлашда хорижий компаниялар хулосасини талаб этиш амалиёти бекор қилинади.
➖ Меҳмонхоналар учун ер ва мулк солиғини 10 баробар кам ставкада тўлаш бўйича имтиёз 2030 йилгача узайтирилади.
➖ Жойлаштирув ўринлари 50 тадан кўп бўлган меҳмонхоналарга нақд валютани қабул қиладиган банкоматларни банкларнинг ўзи ўрнатиб беради.
➖ Туроператорларнинг хорижий туристларга кўрсатган хизмати экспортга тенглаштирилиб, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
➖ Туристик автобус, электробус ва микроавтобуслар олиб келишда божхона имтиёзи яна бир йилга узайтирилади. Бундай туристик транспортлар учун утилизация йиғими ҳам ундирилмайди.
➖ Бу йил ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан ошириш бўйича катта марра олинмоқда.
➖ Тадбиркорлар юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириши, қўшилган қийматни ошириши, ташқи бозорларга жадал кириб бориши учун барча шароитларни яратиш давом эттирилади.
➖ Тошкентлик тадбиркорлар ва корхона эгалари “биз фақат ташқи бозор, экспортга ишлаймиз”, деган ташаббус атрофида бирлашиб, амалий ишларга киришиши керак.
➖ Андижон, Фарғона ва Наманганда тўқимачилик ва машинасозликда ички бозор ёки хомашё экспорти билан чекланмасдан, тўлиқ занжирли ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарур.
➖ Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда туризм ва креатив индустрияни янги имконият майдонига айлантириш, агросаноатда халқаро брендларни яратиш учун катта салоҳият бор.
➖ Навоий ва Тошкент вилоятида тоғ-кон, металлургия ва илмий кимёда корхоналар, олимлар ва ишлаб чиқарувчилар биргаликда ишлаши керак.
➖ Қашқадарё ва Сурхондарёда агросаноат, нефть-газ кимёсида оддий хомашё сотишдан тайёр маҳсулотнинг энг узун ва даромадли занжирига ўтиш зарур.
➖ Қорақалпоғистонда “яшил энергетика”, Ай-Ти ва сунъий интеллектни иқтисодий “драйвер”га айлантириш вазифаси қўйилди.
➖ Жиззах ва Сирдарёда автомобилсозлик, электротехника ва қурилиш материаллари соҳасида салоҳиятли кластер тизими яратилиб, тадбиркорлар дунёда рақобатлаша оладиган энг арзон таннарх ва энг илғор технологияларга эга бўлиши шарт.









