Германия ички ишлар вазири Александер Добриндт Лейпциг аэропортида аниқланган дрон ортида ким тургани ҳақида федерал ҳукумат ҳозирча қатъий хулоса чиқара олмаслигини маълум қилди.
У бу ҳақда 19 август куни Тюрингияга сафари давомида журналистларга гапирди.
Добриндтнинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда Германия ҳукумати ҳодисага бир томонлама баҳо бериш учун етарли тасдиқланган маълумот ва асосларга эга эмас.
«Россия ўзининг ҳозирги хатти-ҳаракатлари билан унга нисбатан шубҳалар пайдо бўлишини анча осонлаштирмоқда. Бироқ айни пайтда буни исботлаш ниҳоятда қийин», — деди Германия ички ишлар вазири.
Унинг таъкидлашича, Лейпцигда топилган дрон ортида ким тургани аниқланганидан кейин эҳтимолий жавоб чоралари бўйича қарор қабул қилинади. Бу масала мудофаа вазири Борис Писториус, ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул ва канцлер Фридрих Мерц иштирокида муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Айни пайтда Германия махсус хизматлари иштирокида ҳодиса юзасидан тергов «максимал даражада жадал» олиб борилмоқда.
Добриндт Лейпцигдаги воқеани алоҳида бир ҳодиса сифатида баҳоламаслигини ҳам билдирди. Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар Германияни сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан беқарорлаштиришга қаратилган янги турдаги гибрид таҳдидларнинг бир қисми бўлиши мумкин.
Дрон украин самолёти яқинидан топилган
5 августга ўтар кечаси Лейпциг-Галле аэропортида украин юк самолёти яқинидан келиб чиқиши номаълум бўлган учувчисиз аппарат аниқланган. Маълумотларга кўра, дрон портловчи модда ва детонатор билан жиҳозланган.
Аппаратнинг қаердан келгани ва кимга тегишли экани ҳозирча аниқланмаган. Бироқ АҚШ разведкаси дрон Россия ҳукумати билан боғлиқ бўлиши эҳтимолини илгари сурган.
Терговчилар эътиборини тортган жиҳатлардан бири — аппаратнинг юқори профессионал даражада тайёрлангани. Маълумотларга кўра, дрон оддий дўкондан харид қилинмаган, балки махсус мақсад учун ясалган. Унинг тузилиши ҳужумга тайёргарлик тасодифий жиноятчилар ёки ҳаваскорлар томонидан амалга оширилмаган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Бундан ташқари, дрон Semtex туридаги кучли портловчи модда билан жиҳозланган. Мутахассислар баҳосига кўра, ундаги портловчи модда самолётга жиддий зарар етказиш, ҳатто уни портлатиб юбориш учун етарли бўлиши мумкин эди.
Die Zeit маълумотига кўра, Semtex қора бозорда ҳам учраб туради, бироқ бу турдаги портловчи модда кўпроқ ҳарбий мақсадларда қўлланади.
Шу сабабли терговчилар кўриб чиқаётган асосий версиялардан бири — эҳтимолий ҳужумга тайёргарликда муайян давлатга алоқадор тузилма иштирок этган бўлиши мумкинлиги. Ҳозирча Германия расмийлари бу версияни бирор давлатга боғлаш учун етарли далиллар мавжуд эмаслигини таъкидламоқда.









