The War Zone ёзишича, Airbus синов ҳақида 12 октябр куни маълум қилган. Парвоз Шимолий Европадаги номи очиқланмаган полигонда ўтказилган.

Синов давомида аппаратга берилган вазифани бевосита парвоз вақтида ўзгартириш имконияти ҳам текширилган. Airbus маълумотига кўра, белгиланган барча мақсадларга эришилган.

U740 — АҚШнинг XQ-58A Valkyrie учувчисиз жанговар самолёти асосида ишлаб чиқилаётган Европа варианти. Германия мазкур лойиҳа доирасида жанговар қўллашга тайёр комплексни 2029 йилга бориб олишни кўзламоқда.

Кейинги босқичда аппаратга Airbus ишлаб чиққан MARS миссияни бошқариш тизимини ўрнатиш режалаштирилган. У самолётнинг дастурий таъминоти ва жанговар вазифаларни бошқариш устидан Европа назоратини таъминлаши керак.

Ишлаб чиқувчилар режасига кўра, MARS дронларга автоном ҳаракатланиш ва гуруҳ таркибида ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш имконини беради. Айни пайтда энг муҳим қарорларни қабул қилишда инсон иштироки сақланади.

Kratos яратган XQ-58A Valkyrie нисбатан кам харажатли жанговар платформа сифатида ишлаб чиқилган. Airbus тайёр конструкцияга ўз бошқарув тизимини мослаштириш орқали бутунлай янги самолёт яратилишини кутишга ҳожат қолдирмасликни мақсад қилган.

U740’нинг муҳим хусусиятларидан бири — ракета тезлаштиргичи ёрдамида учирилишидир. Бу аппаратнинг одатий учиш-қўниш йўлакларига боғлиқлигини камайтиради.

Valkyrie’нинг дастлабки конструкцияси асосан парашют ёрдамида ерга қайтишга мўлжалланган. Янги вариантларида эса ракета тезлаштиргичи билан учиб, учиш-қўниш йўлагига қўниш имконияти пайдо бўлган.

Бундай ёндашув Германия ҳарбий-ҳаво кучларига авиацияни турли жойларга тарқатиб жойлаштириш ва тўлиқ аэродроми бўлмаган майдонлардан дрон учириш имконини бериши мумкин. Бу мавжуд аэродром инфратузилмаси ҳужум хавфи остида қолган шароитда ҳам аҳамиятли.