Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 443-сон қарори билан туристик стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Ҳужжат 19 август куни давлат рўйхатидан ўтказилган.
Қарорга кўра, туристик стартапларни қўллаб-қувватлаш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳага субсидия ажратилади.
Бунда стартапни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади. Субсидия битта талабгорга бир календарь йил давомида бир марта ажратилади.
Туристик стартап деганда туристик хизматларни ривожлантиришга қаратилган, сайёҳлар учун долзарб бўлган инновацион хизмат, технология ёки маҳсулотни яратишга қаратилган янги бизнес лойиҳа тушунилади.
Субсидия олиш учун тадбиркорлик субъектининг солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги, шунингдек, у банкротлик ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги талаб этилади.
Талабгорлар субсидия олиш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Туризм қўмитасига ариза топширади. Аризага стартапни амалга ошириш бўйича бизнес-режа ва стартап лойиҳасининг тақдимот нусхаси илова қилиниши керак.
Аризани кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда электрон рақамли имзо ҳам талаб этилмайди.
Ҳужжатда белгиланган тартибга кўра, аризалар ҳар чорак якунининг 20-санасидан 25-санасигача қабул қилинади.
Туризм қўмитаси раиси томонидан туристик стартап лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия шакллантирилади. Комиссия талабгорнинг аризаси келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида суҳбат ўтказиш ҳақида хабарнома юборади.
Суҳбат видеоконференцалоқа орқали ёки талабгорнинг шахсан иштирокида ўтказилиши мумкин. Унда тадбиркор ўз стартапини тақдим қилади ва комиссия аъзоларининг саволларига жавоб беради.
Шундан сўнг комиссия 10 иш куни ичида лойиҳанинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб, субсидия ажратиш масаласи бўйича хулоса чиқаради. Стартапни баҳолашда унинг муайян туристик хизматни ривожлантиришга қаратилгани, сайёҳлар учун долзарблиги ҳамда мавжуд бўлмаган ёки сезиларли даражада такомиллаштирилган ечимни таклиф қилиши инобатга олинади.
Комиссия хулосаси асосида Туризм қўмитаси икки иш кунида субсидия ажратиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қарор қабул қилинганидан кейин эса бир иш кунида унинг нусхаси талабгорга юборилади. Субсидия ажратиш тасдиқланса, маблағлар етти иш куни ичида тадбиркорнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Субсидия ажратилган тадбиркорлик субъектлари рўйхати Туризм қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.








