Форумда парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, қўшма лойиҳаларни кўпайтириш ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Беларус Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталя Кочанова билан учрашди. Музокараларда парламентлар ўртасидаги мунтазам мулоқотни давом эттириш, олий даражадаги келишувларни амалга оширишда парламентларнинг ролини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий алоқалар ҳам музокараларнинг асосий йўналишларидан бири бўлди. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш мақсадидан келиб чиқиб, инвестициявий ва саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди. Меҳнат миграцияси, фуқароларни қонуний асосда иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Форум доирасида Хивада “Made in Uzbekistan” ва “Made in Belarus” кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда икки мамлакатдан 100 дан ортиқ корхона ўз маҳсулот ва лойиҳаларини намойиш қилди. Тўқимачилик, ипакчилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, машинасозлик, тиббиёт, IT ва бошқа йўналишлардаги маҳсулотлар тақдим этилди.
Аёл тадбиркорлар бизнес-форумида саноат кооперацияси, инвестициялар, агросаноат, биотехнология, туризм ҳамда гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Томонлар тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни аниқ лойиҳалар билан давом эттириш масаласига эътибор қаратди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик ҳам форумнинг муҳим йўналишларидан бўлди. Икки мамлакат маҳаллий вакиллик органлари раҳбарлари учрашувида ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. Якунда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 15 та икки томонлама келишув имзоланди.












