Афсонавий боксчи Руфат Рисқиев 76 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот котиби Зафар Имомхўжаев маълум қилди.
Руфат Рисқиев ўзбек боксининг энг машҳур вакилларидан бири бўлиб, спорт оламида «Тошкент йўлбарси» номи билан танилган.
У 1974 йилда бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлган. 1976 йилги Олимпия ўйинларида эса кумуш медални қўлга киритган. Шу тариқа, Рисқиев Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида шоҳсупага кўтарилган илк ўзбек боксчиси сифатида тарихга кирган.
Спортчи фаолияти давомида халқаро майдонда ҳам қатор муваффақиятларга эришган. Хусусан, АҚШ, Куба, Австрия, собиқ Югославия ва Испанияда ўтказилган халқаро турнирларда ғолиб чиққан.
Руфат Рисқиев спортчилик фаолиятидан кейин ҳам бокс соҳасида ишлашни давом эттирган. У Марказий Осиёдаги илк халқаро тоифадаги профессионал бокс ҳаками бўлган.
Ўзбек спорти ривожига қўшган ҳиссаси учун Руфат Рисқиев қатор давлат мукофотлари билан тақдирланган. Жумладан, у «Ҳурмат Белгиси», «Буюк хизматлари учун» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденларига сазовор бўлган.
Руфат Рисқиевнинг жаҳон ва Олимпия рингларидаги муваффақиятлари ўзбек бокси тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Унинг спортдаги натижалари кейинги авлод боксчилари учун катта мактаб ва ўрнак бўлиб қолди.











