Украинадаги можарога тинч йўл билан ечим топиш бўйича Россияга етказилаётган таклифлар “экзотик” ва “номоқбул”, деди президент Владимир Путин журналист Павел Зарубин билан суҳбатда. У Москва тинчлик музокараларига фақат мавжуд реалликлар асосидагина тайёрлигини таъкидлади.

“Бизга етказилаётган таклифлар баъзан, айтиш мумкинки, экзотик хусусиятга эга ва қабул қилиб бўлмайди. Биз тинчлик борасидаги мулоқотга доим тайёрмиз, бироқ фақат мавжуд реалликларга асосланган ҳолда”, — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Россия қуролли кучларининг жавоб чоралари Украина иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларидаги вазиятни “жиддий даражага” олиб чиқмоқда, шу боис Киев расмийлари воситачилар орқали ўзлари қўзғатган ушбу вазиятдан чиқишга уринмоқда.

Москвага тинчлик бўйича айнан қандай “экзотик” таклифлар келиб тушгани ҳақидаги саволга Путин “тафсилотларга берилишни” истамаслигини, бироқ бундай таклифлар аввал ҳам билдирилганини, ҳозирги вазиятда эса улар “ўзига хос тарзда тақдим этилаётганини” айтди. “Аммо олдинга ўтиб, эҳтимолий келишувларга нима асос бўлиши мумкинлигини айтишга ҳали эрта”, — деб қўшимча қилди у.