Россия президенти Владимир Путин ВГТРК пропагандачиси Павел Зарубинга берган «интервю»сида Киевнинг мақсади – Россия иқтисодиётига зарар етказиш экани, Россия бунга мос равишда жавоб қайтаришини айтиб ўтди. Қуйида у билдирган фикрлар қисқартирилган ва таҳрирланган шаклда келтирилади. Тўлиқ матнни Кремл сайтида ўқиш мумкин.
Россия украинларнинг 40 кунлик «таъсир кўрсатиш операцияси»га жавобан Украина бўйлаб зарбаларни кучайтирди. Украина қуролли кучлари Россиянинг фуқаролик объектлари ва логистикасига ёпирилма зарбалар йўллаганди. Аммо якуний натижа Украина кутганининг тескариси бўлди.
Киев иқтисодиётимизга зарар етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Унинг ўзи Пандора қутисини очиб, жинни шишадан чиқариб юборди. Энди ўзингизнинг шусиз ҳам базўр нафас олаётган иқтисодий тармоқларингизга жавоб берилади. Қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам шу жумладан. Бизнинг логистикамизни бузмоқчи бўлдингизми? Жавоб куттирмайди. Қабул қилиб олинг.
Россиянинг Украина бўйлаб зарбалари Украина қуролли кучларининг Россия бўйлаб зарбаларига қараганда самаралироқ, ўз вақтида берилмоқда ва вайронкорроқ бўлмоқда. Россия зарбалари фронтдаги жангчиларимизга ҳам ёрдам бермоқда.
Бизга келиб тушаётган таклифлар баъзан, айтиш мумкинки, экзотик хусусиятга эга ва қабул қилиб бўлмайдиган таклифлар. Биз тинчлик борасидаги мулоқотга доим тайёрмиз, бироқ фақат мавжуд реалликларга асосланган ҳолда.
- Россия ҳарбийлари 22 августга ўтар кечаси Украинанинг Днипропетровск области Кривий Риҳ шаҳри бўйлаб йўллаган зарбалар вақтида «Солнечная галерея» савдо маркази вайрон бўлди. Украина расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, зарба оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, 130 киши, жумладан, 23 нафар бола яраланган. Қутқарувчилар тўққиз минг метр квадрат майдонни қамраб олган ёнғинни ўчиришган. Ҳужум оқибатларини бартараф этиш ва бедарак йўқолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.










