Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни Украина президенти Володимир Зеленскийни мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади. Бу ҳақда Украина раҳбари ижтимоий тармоқда маълум қилди.

«Сизни ва мамлакатингиз халқини Украина мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

 

 

Ишончим комилки, анъанавий дўстлик ришталари ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бундан буён ҳам изчил ривожланиб боради.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, Украина халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман», дейилади Ўзбекистон раҳбарининг табрик мактубида.

Володимир Зеленский бунга жавобан миннатдорлик изҳор этди.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Украина мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан самимий табриклари учун миннатдорлик билдираман. Украина Ўзбекистон билан анъанавий дўстликни чуқур қадрлайди ва икки томонлама ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш тарафдори бўлиб қолади. Президент Мирзиёевга мустаҳкам соғлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинч ва фаровон келажак тилайман», деб ёзди Украина раҳбари.