Россия қўшинлари 26 августга ўтар кечаси ва эрталаб Украинанинг бир қатор ҳудудларига ҳужум қилди.

Чернихив шаҳар кенгаши матбуот хизмати маълумотига кўра, эрта тонгда шаҳарга берилган зарбадан кейин хусусий турар жойда ёнғин чиққан. Уй олов оқибатида деярли тўлиқ вайрон бўлган.

Ҳужум пайтида уйда уч киши бўлган. Улардан икки нафари — 39 ёшли аёл ва 4 ёшли қиз воқеа жойида ҳалок бўлган. 14 ёшли қиз эса жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Кейинроқ Чернихивга такрорий зарба берилган. Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Дмитрий Брижинскийнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида омбор биноси шикастланган ва тўрт киши жароҳатланган.

Чернигов шаҳар кенгашига кўра, иккинчи зарба эрталаб ҳужум қилинган манзилга яна берилган. Вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Россия қўшинлари Донецк ва Херсон вилоятларига ҳам зарбалар берган.

Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг маълум қилишича, сўнгги бир суткада Россия ҳужумлари оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 12 киши жароҳатланган.

Унинг сўзларига кўра, зарбалар муҳим ва ижтимоий инфратузилма объектлари, шунингдек, аҳоли яшаш ҳудудларига берилган. Натижада саккизта кўп қаватли ва бешта хусусий уй шикастланган. Бир кун аввал ҳудуддаги жамоалардан 15 киши эвакуация қилинган.

Донецк вилоятининг Краматорск туманидаги Славянск шаҳрига берилган авиация зарбаси натижасида икки киши жароҳатланган. Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Ляхнинг маълум қилишича, портлашлар шаҳар марказида содир бўлган ва камида 12 та кўп қаватли уйга зарар етган.

Тунги ҳаво ҳужуми Киевда ҳам қайд этилган. Шаҳар мэри Виталий Кличконинг билдиришича, Голосеевский туманида дрон парчалари 16 қаватли турар жой биносига тушган.

Бинонинг 14-қаватида деворлар шикастланган ва деразалар синган. Бир аёл жароҳатланган, келиб чиққан ёнғин эса ўчирилган.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг эрталабки маълумотига кўра, Россия армияси 26 августга ўтар кечаси Украинага 162 та зарба берувчи ва имитацион дрон билан ҳужум қилган.

Улар орасида Shahed, «Гербера» ва «Пародия» туридаги учувчисиз учиш аппаратлари бўлган. Украина томони маълумотига кўра, дронлар Курск, Орёл, Приморско-Ахтарск, Россия назоратидаги Донецк ҳамда қўшиб олинган Қримдаги Гвардейское ҳудудидан учирилган.