Россия иқтисодиёти «ҳаддан ташқари совиб кетган» ва ҳозирги шароитда бизнес ҳамда инвестицияларни рағбатлантириш чоралари зарур. Бу ҳақда Сбербанк президенти ва бошқарув раиси Герман Греф 3 сентябр куни Шарқий иқтисодий форум доирасида журналистларга маълум қилди.

Грефнинг таъкидлашича, Россия Марказий банки мамлакат иқтисодиётидаги ҳозирги жараённи «босқичма-босқич секинлашув» деб баҳоламоқда. Сбербанк раҳбари эса вазиятни аввал «совиш», эндиликда эса «ҳаддан ташқари совиш» деб аташ мумкинлигини айтган.

«Бугунги кунда, менимча, бу аллақачон аён. Ҳар доим атамаларга қандай маъно беришимизга боғлиқ сўз ўйини мавжуд. Марказий банк босқичма-босқич секинлашув ҳақида гапирмоқда, биз эса вазиятни совиш, энди эса ҳаддан ташқари совиш деб атаймиз. Бугун рақамларнинг ўзи ҳаммасини кўрсатиб турибди», — деган Греф.

У ўз баҳосини 2026 йил ёзида сезиларли ёмонлашган бизнес муҳити индикатори, ишсизлик ва истеъмол кўрсаткичлари, шунингдек асосий капиталнинг ялпи жамғарилиши билан изоҳлаган.

Греф Россия иқтисодиётининг амалдаги ўсиш суръатларига ҳам эътибор қаратган.

2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 0,6 фоизга ўсган. Сбербанк раҳбарининг қайд этишича, бу Россия Марказий банки 1,5–2 фоиз деб баҳолаётган иқтисодиётнинг потенциал ўсиш суръатидан сезиларли даражада паст.

Россия Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, июл ойида мамлакат ЯИМ 2025 йилнинг шу ойига нисбатан 0,6 фоизга ошган.

Таққослаш учун, июнь ойида йиллик иқтисодий ўсиш 1,7 фоизни ташкил этган эди. 2026 йил январ–июл ойлари якунлари бўйича эса Россия иқтисодиёти 0,6 фоизга ўсган.

Сбербанк раҳбарининг фикрича, иқтисодиётда сезиларли бурилиш юз бериши учун бозордаги фоиз ставкалари нормаллашиши зарур.

«Бозордаги ставкалар нормаллашиб, 10–12 фоиз оралиғига тушмагунча биз бурилишни кўрмаймиз», — деган Греф.

Унинг таъкидлашича, ҳозир макроиқтисодий шароитларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, бизнес эса қўллаб-қувватлашга муҳтож.

Шу муносабат билан Греф давлат иқтисодий ўсиш ва инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган сиёсатга ўтиши кераклигини билдирган.

Манбада қайд этилишича, Россия Марказий банкининг янги консенсус-прогнозида ҳам мамлакат иқтисодиёти бўйича айрим кутилмалар пасайтирилган.