Ўзбекистонда 7–13 сентябр кунлари ҳаво ҳарорати яна кўтарилиб, ҳафта ўртасида айрим ҳудудларда +36…+39 даражагача иссиқ бўлади. Бироқ бу жазирама узоқ давом этмайди: аввал шимолда, кейин республика бўйлаб ҳаво сезиларли салқинлашади. Кундузги иссиқлик, тунги кузги салқинлик ва кучли шамоллар қишлоқ хўжалиги ҳамда аҳоли саломатлигига турлича таъсир кўрсатиши мумкин.
Қишлоқ хўжалигига таъсири
Сентябр ўртасидаги +36…+39 даражали кундузги иссиқлик ва +10…+20 даражали тунги салқинлик экинлар учун қўшимча стресс омили бўлади. Иссиқ кунларда тупроқ намлиги тез буғланади, сувга эҳтиёж ортади. Шунинг учун суғоришни эрталаб ёки кечқурун амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Пахта, сабзавот-полиз ва кечки экинларда юқори ҳарорат пишиш жараёнини тезлаштириши мумкин, аммо намлик танқислиги ҳосил сифатига таъсир қилади. Кучли шамол эса тупроқ намлигининг йўқолиши ва чанг кўтарилишини кучайтиради. Дам олиш кунларидаги салқинлик экинларнинг иссиқлик стрессидан тикланиши учун қулай шароит яратади.
Аҳоли саломатлигига таъсири
Бу ҳафта организм учун асосий омил – кундузги иссиқлик ва тунги салқинлик ўртасидаги катта фарқ. Бундай шароит терморегуляция тизимига қўшимча юклама беради. Иссиқ кунларда етарли сув ичиш, қуёшда узоқ қолмаслик ва оғир меҳнатни салқин пайтларга кўчириш тавсия этилади. Кечаси эса салқин ҳавога мос кийиниш ва кондиционерни жуда паст ҳароратга қўймаслик керак.
Айниқса болалар, кексалар ва сурункали касаллиги бор кишилар эҳтиёткор бўлишлари лозим. Чанг-тўзон кўтарилган пайтда нафас йўллари сезгир кишилар ташқи муҳитда бўлишни чеклагани маъқул.















