Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчиси темир браслет ютишга мажбурлангани ҳақидаги хабар тарқалди. Пойтахт ММТБ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолат 2 сентябр куни Яшнобод туманидаги 151-мактабда содир бўлган. 3-синф ўқувчиси Т.М. ҳожатхонасига чиққанда, юқори синф ўқувчилари томонидан унинг оғзига номаълум жисм солингани ҳақида унинг онаси маълумот берган.
Орадан 3 кун ўтиб, она ўғлининг соғлиги ёмонлашганлиги сабабли уни шифохонага олиб борган. Тиббий текширувлар жараёнида боланинг ички қисмида номаълум жисм борлиги аниқланган.
Онанинг айтишича, ўғли воқеа ҳақида ўз вақтида хабар бермаган. Рентген қилингандагина унинг ичида ёт жисм борлиги маълум бўлган. Оқибатда бола 3 соат давом этган оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.
Бошқармага кўра, ҳозирги вақтда ўқувчига барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган ҳамда унинг аҳволи қониқарли ҳолатда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб бормоқда. Якуни бўйича қўшимча маълумот берилиши билдирилган.
















