Ferrari компанияси АҚШ Патент ва савдо белгилари идорасига иккита алоҳида кокпит ва иккита рул механизмига эга ғайриоддий автомобил конструкцияси учун ариза топширди. Унга кўра, ҳайдовчи ҳам, йўловчи ҳам автомобилни бошқариш учун ўзининг тўлақонли ўриндиғига эга бўлади.

Бунда иккала рулдан бир вақтнинг ўзида фойдаланиб бўлмайди. Ишлатилмаётган рул механизми тахминан 90 даражага йиғилиб, йўловчи олдидаги жойни бўшатиши мумкин. Шундай қилиб, вазиятга қараб, автомобилни у ёки бу томондан бошқариш имконияти пайдо бўлади.

347888519562286
Фото: Ferrari

Рул чамбараклари замонавий Формула-1 болидининг штурваллари услубида ишланган ва сурилувчи чамбарак билан жиҳозланган. Бундай конструкция олд ғилдираклар билан механик алоқага эга бўлмаган рул бошқаруви тизими қўлланилганидан далолат бериши мумкин.

Ferrari бундай тизимни қўллашнинг бир нечта вариантини кўриб чиқмоқда. Масалан, континентал Европадан Буюк Британияга саёҳат қилаётганда, ҳайдовчи автомобилни қайта созламасдан бошқарув томонини тезда ўзгартира олади. Пойга шароитида эса пойгачининг марказда ёки ён томонда жойлашуви ўнг ёки чап бурилишлар кўп бўлган трассалардан ўтиш учун қулайроқ позицияни танлаш имконини беради.

Яна бир сценарий — узоқ муддатли саёҳатлар. Иккита тўлақонли бошқарув ўриндиғи ҳайдовчи ва йўловчига тўхтамасдан ва жой алмаштирмасдан, навбатма-навбат автомобилни бошқариш имкониятини тақдим этади.