Тақдим этилган тушунтиришга кўра, чегирма Адлия вазирлигида 2026 йил 9 июлда 3849-рақам билан рўйхатдан ўтказилган қўшма қарордаги педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимлар рўйхатига киритилган ходимларнинг фарзандларига татбиқ этилади.

Маъмурий-бошқарув, техник ва хўжалик ходимлари мазкур рўйхатга кирмайди.

Ариза қандай берилади?

Талаба kontrakt.edu.uz ахборот тизими орқали тўлов-контракт шартномасини олиш учун ариза юборади. Унинг педагог фарзанди экани электрон тарзда текширилиб, тасдиқланганидан сўнг 30 фоизлик чегирма қўлланади.

Ариза икки иш куни ичида кўриб чиқилади. Чегирма бир ўқув йили давомида бир марта қўлланади.

Тўлов муддатлари қандай?

Талаба чегирмадан кейинги суммани бирйўла ёки бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин. Бўлиб тўлашда контрактнинг дастлабки тўлиқ суммасига нисбатан қуйидаги улушлар ҳисобланади:

— 25 фоизи — биринчи курсга тавсия этилганлар учун 15 октябргача, иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун 1 октябргача;

— яна 25 фоизи — 1 январгача;

— қолган 20 фоизи — 1 мартгача.

Шу тариқа, талабанинг жами тўлови контракт суммасининг 70 фоизини ташкил этади. Чегирмага тўғри келувчи 30 фоиз эса 1 майгача давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олий таълим ташкилотига қоплаб берилади.

Аризалар қабули ҳали бошланмаган

Хабарда қайд этилишича, kontrakt.edu.uz тизимида ота-онанинг педагогик фаолиятини автоматик аниқлаш учун вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларини интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Ариза топшириш имконияти ишга туширилгани ҳақида қўшимча эълон берилади.