“Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 9 сентябр куни қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, одамни сезиларли даражада безовта қилмайдиган, инсон организмининг функционал тизимлари ва шовқинга сезгир аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган шовқин миқдори йўл қўйиладиган даража ҳисобланади. Унинг аниқ меъёрлари санитария қоидалари ва нормаларида белгиланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мазкур соҳадаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Қонунда фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқин манбалари ҳам белгиланган. Улар қаторига турар жойлардаги маиший ва уй-хўжалик фаолияти, қурилиш ишлари, қурилиш техникаси ҳамда транспорт воситаларидан чиқадиган шовқинлар киради.

Белгиланган тартибга мувофиқ, йўл қўйиладиган даражадан ортиқ шовқин чиқариб, фуқаролар осойишталигини бузиш иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача тақиқланади.

Дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида эса бу чеклов соат 22:00 дан 09:00 гача амал қилади.

Шунингдек, шовқиннинг зарарли таъсири оқибатида етказилган зарар учун суд орқали компенсация ундириш мумкин.

Қонун расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.