Ушбу муаммо Клэй математика институти томонидан XXI аср бошида эълон қилинган еттита «минг йиллик масаласи»дан бири ҳисобланади. Уни ҳал қилганлик учун 1 миллион доллар мукофот белгиланган.
Наве—Стокс тенгламалари суюқлик ва газларнинг ҳаракатини ифодалайди. Улар орқали қувурларда нефт ва газ ҳаракати, сув оқими, шунингдек, самолёт, кема ва автомобиллар атрофида ҳаво ёки сув қандай ҳаракатланиши каби жараёнларни математик жиҳатдан тасвирлаш мумкин.
Муаммонинг мураккаблиги шундаки, олимлар уч ўлчовли ҳолатда бундай тенгламаларнинг ечими ҳар қандай реал бошланғич шароитда доимо мавжуд бўлиши ва вақт ўтиши билан «бузилиб кетмаслиги»ни умумий тарзда исботлай олмаган.
Соддароқ айтганда, савол шундай: агар суюқлик ёки газнинг дастлабки ҳолати маълум бўлса, математик тенглама унинг кейинги ҳаракатини ҳар доим тўғри ва узлуксиз тасвирлаб бера оладими? Ёки маълум бир вазиятда математик ечимда сингулярлик — физик нуқтаи назардан маъносиз бўлган кескин ўзгариш пайдо бўлиши мумкинми?
Масалан, математик модел маълум бир чекланган вақт ичида суюқлик тезлиги чексиз катталашиб кетишини кўрсатиши мумкин. Реал физик дунёда эса бундай ҳолат юз бермайди. Шу сабабли Наве—Стокс тенгламаларининг мавжудлик ва силлиқлик муаммоси нафақат назарий математика, балки физика ва муҳандислик нуқтаи назаридан ҳам муҳим ҳисобланади.
Материалда келтирилишича, OpenAI 2026 йил 8 сентябрда мазкур муаммони ечганини билдирган. Ечим устида ўн минглаб автоном AI-агентлар деярли тўрт сутка давомида ишлаган.
Бу жараёнда агентлар 4,9 миллионта хабар алмашган ва жами 300 миллиард токен сарфлаган. Муаллифнинг таъкидлашича, ҳисоблаш учун OpenAI мижозларига очиқ моделлардан анча кучли ички тизим ишлатилган.
Бу натижанинг яна бир муҳим жиҳати — AIʼнинг вазифадаги роли. Илгари «нейротармоқ янги дори яратди» ёки «AI илмий кашфиёт қилди» каби хабарларда асосий илмий ишни инсон тадқиқотчилари бажариб, сунъий интеллект айрим босқичларда ёрдамчи восита сифатида қўлланилган ҳолатлар кўп учраган.
Бу сафар эса, материалда таъкидланишича, агар OpenAI жараённи тўғри баён қилган бўлса, дастлабки вазифа белгиланганидан кейин ечимни қидириш жараёнининг катта қисми автоном нейротармоқ агентлари томонидан бажарилган.
Шу маънода, бу натижа AIʼнинг илм-фандаги ўрни ўзгараётганини кўрсатиши мумкин. Яъни нейротармоқ фақат олимга ҳисоб-китобларда ёрдам берадиган «ақлли калькулятор» эмас, балки ўта мураккаб муаммони ҳал қилиш жараёнида катта ҳажмдаги ишни бажарадиган воситага айланиши мумкин.















