Бухоро ва Қўқон каби стратегик аҳамиятга эга шаҳарларда замонавий инфратузилманинг пайдо бўлиши давлат ва хусусий компанияларга зарур IТ-ресурслардан бевосита ҳудудларнинг ўзида фойдаланиш имкониятини очиб беради. Корхоналар “colocation” хизмати доирасида сервер хоналарини қуриш ва уларга хизмат кўрсатиш учун капитал харажатлар қилмасдан ўз ускуналарини жойлаштириши ёки UzCloud булутли платформасида виртуал машиналарни ижарага олиши мумкин бўлади. Худди шундай хизматлар Тошкентдаги янги маълумотлар марказида ҳам тақдим этилади.

UzCloud’нинг географик тақсимланган инфратузилмаси бешта маълумотларни қайта ишлаш марказини (МҚИМ) ягона булутли контурга бирлаштиради. Бу тизимнинг ишдан чиқишга чидамлилигини, йирик авариялардан ҳимояни ва бизнес жараёнларининг узлуксизлигини таъминлайди – агар майдончалардан бирида носозлик юз берса, тизимлар бошқасида ишлашда давом этади. Муҳим аҳамиятга эга IТ-тизимлар учун фавқулодда вазиятдан сўнг тиклаш бўйича қўшимча хизмат – DRaaS (Disaster Recovery as a Service) мавжуд. У захира майдончаси, маълумотлардан нусха кўчириш ва бизнес талабларига мувофиқ олдиндан созлаб қўйилган тиклаш режасини ўз ичига олади. Хусусан, ушбу режа қанча маълумотни йўқотиш мумкинлигини ва тизимни қанча вақт ичида тиклаш зарурлигини белгилайди. Натижада компаниялар ягона булут доирасида ишончли, фалокатга бардошли архитектурага эга бўлади.

Uptime Institute томонидан берилган Tier III мақоми маълумотлар марказининг барча асосий муҳандислик тизимлари захираланганини тасдиқлайди. Хизматларнинг узлуксизлиги ва ишдан чиқишга чидамлилигини таъминлаш учун МҚИМ қўшалоқ совитиш ва электр таъминоти тизимлари ҳамда захира тармоқ каналлари билан жиҳозланган. Шаҳар электр таъминоти узилиб қолса, узлуксиз қувват манбалари ва дизел-генераторлар ишга тушади. МҚИМ ва унда жойлашган жисмоний ёки булутли IТ-инфратузилма ўз ишини узилишлар ва тўхталишларсиз давом эттиради.

Маълумотлар марказларининг жисмоний хавфсизлиги ўта муҳим IТ-инфратузилма объектларига қўйиладиган талабларга тўлиқ жавоб беради. Уларнинг ҳудудида кеча-ю кундуз кириш назорати ва видеокузатув ташкил этилган, узлуксиз мониторинг олиб борилади ҳамда автоматик газли ёнғин ўчириш тизими ўрнатилган.

“Tier III сертификатларининг олиниши – бу халқаро эътироф, шунингдек, Uztelecom’нинг мамлакат рақамли инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари натижасидир. Биз учун бу “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида давлат томонидан белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўлидаги навбатдаги қадамдир. Биз жисмоний маълумотлар марказлари тармоғини ҳамда улар асосидаги UzCloud булутли платформасининг ҳисоблаш имкониятларини кенгайтирмоқдамиз. Ушбу қувватларда давлат идоралари, бизнес ва бошқа ташкилотлар рақамли хизматларни, корпоратив платформалар ва ечимларни, жумладан, сунъий интеллектга асосланганларини ҳам ишонч билан ишга тушириши ёки кўламини кенгайтириши мумкин. Яратилган ресурслар захираси ҳар қандай миқёсдаги IТ-лойиҳа барқарор ишлашини таъминлаш имконини беради”