Яқин-яқингача алоқа операторига бериладиган асосий савол жуда оддий эди: интернет қачон яхши ишлайди? Бугун эса интернет деярли ҳаммада бор, унинг тезлиги эса бир йил ичида бир ярим баравар ошди. Бу масала кун тартибидан чиқди. У билан бирга алоқа операторининг биз ўрганиб қолган роли ҳам ўзгара бошлади.

Энг қизиғи эса энди бошланади. Йиллар давомида алоқа хизматларини кўрсатиб келган компания эндиликда электромобилларни қувватламоқда, суғурта полисларини расмийлаштириш ва уйга сантехник чақириш имконини ҳам бермоқда. Яқин вақтгача фақат балансни текшириш учун очиладиган иловада эса бу хизматларнинг барчаси бир жойга жамланди. Биз шундай еттита йўналишни санаб чиқдик ва Uztelecom маркетинг департаменти директори Жаҳонгир Адиловдан бу ўзгаришлар қандай юз бергани ҳамда компания фаолиятининг чегараси қаердан ўтишини сўрашга қарор қилдик.

«Электр энергияси ҳам бир вақтлар мўъжиза бўлган»

– Бутун дунёда телекоммуникация ўзининг энг юқори нуқтасига етган соҳадек кўринмоқда. Ўсиш учун жой қолмаган, тарифлар босим остида, энг қизиқарли жараёнлар эса тармоқлар устида — уларнинг негизида хизматлар яратаётганлар томонида кечмоқда. Бундай таърифга қўшиласизми?

– Қисман. Чегара бор, бироқ у одатда кўпчилик ўйлаган жойдан ўтмайди. Алоқа ҳақиқатан ҳам танқис бўлмай қолди, танқислиги йўқолган нарса учун эса миннатдорлик билдирмай қўйишади — муваффақиятли йўлга қўйилган ҳар қандай инфратузилманинг қисмати шундай. Электр энергияси ҳам бир пайтлар мўъжиза эди, бугун эса уни фақат ўчиб қолганида эслаймиз. Бу компанияга алам қиладими? Эҳтимол. Аммо аслида, бу ишнинг уддаланганидан далолатдир.

Бу ёғига йўллар айрилади. Борича қабул қилиб, шунчаки алоқа етказиб берувчи бўлиб қолиш мумкин. Ёки аллақачон барпо этилган инфратузилма устига яна нима қуриш мумкинлигини ўйлаб кўрса бўлади. Соҳа асосан иккинчи йўлни танламоқда: дунёнинг энг йирик операторлари тушумининг деярли учдан бир қисми алоқадан ташқари хизматлар ҳиссасига тўғри келмоқда — етти йил ичида уларнинг улуши 18 фоиздан 28 фоизга ошди.

Айнан шу нуқтада сабаб билан оқибатни адаштириб юбормаслик муҳим. Биз яна қаердан пул топсак экан деб изланмадик: давлат компаниясида ҳисоб-китоб бошқача бўлади. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси мавжуд бўлиб, оддий одам тилида у жуда жўн нарсани англатади: маиший масалалар Тошкентда ҳам, Нукусда ҳам бирдек тез ҳал бўлиши керак. Биз қуйида сўз юритадиган хизматлар янги даромад манбаларини излашдан эмас, айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан. Аввал одамларнинг муаммосини ҳал қилиш, кейин эса иқтисодиёт. Бизнинг ҳолатимизда тескари тартиб умуман иш бермайди.