Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 25 август куни “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда жойларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли осойишталигини таъминлашда профилактика инспекторларининг ўрни муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис уларнинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва ваколатлари, касбий фаолиятининг кафолатларини ягона қонун билан аниқ белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан профилактика инспекторининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда хизматни ўташ тартиби белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра:
- инспекторнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиш, уни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш ва унга қўшимча вазифалар юклаш тақиқланади;
- профилактика инспекторининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлиги кучайтирилади: у ҳар чоракда хизмат ҳудудида амалга оширилган ишлар юзасидан аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот беради;
- аҳолининг профилактика инспектори фаолиятига нисбатан “ишончсизлик ташаббуси”ни билдириш механизми жорий этилади;
- профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси мустаҳкамланади: уларнинг шаъни ва қадр-қимматини давлат томонидан ҳимоя қилиш, меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, хизмат ва уй-жой шароитларини яхшилаш, самарали фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантиришга оид кафолатлар белгиланади.

Депутатларга кўра, бу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликлар профилактикасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.









