Мамлакатда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтзор ва боғлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, экилган кўчатларни сақлаб қолиш, уларни суғориш ва парваришлашни тизимли ташкил этиш борасида камчиликлар мавжуд.
Ўтган йил баҳорда экилган кўчатларнинг маълум қисми қуриб қолган. Ҳудуд иқлими ва тупроғига мос келмайдиган дарахтларни танлаш, сув таъминоти бўлмаган жойларга кўчат экиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши чораларнинг етарли эмаслиги бунга сабаб бўлмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида барпо этилган ўрмонларни парваришлаш ва ҳимоя қилишда ҳам муаммолар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари ишлар самарадорлигини экилган кўчатларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги ҳолати асосида баҳолаш зарурлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан кўкаламзорлаштириш ишларини илмий асосда ташкил этиш, ерни тайёрлашдан бошлаб суғориш тизимини яратиш ва кўчатларни камида уч йил парваришлашгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи ёндашувлар тақдимот қилинди. Экиш муддатларини ҳар бир ҳудуднинг об-ҳаво шароити ва олимлар хулосаси асосида белгилаш, маҳаллий иқлимга мос, иссиқлик, совуққа ва сув танқислигига чидамли турларга устуворлик бериш кўзда тутилмоқда.
Экология қўмитасига ҳар бир маҳалла кесимида кўчат тури, экиладиган жойи ва суғориш тизими акс этган “яшил харита”ларни ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиш топширилди. Маҳалла раислари билан биргаликда ҳар бир кўчадаги дарахт ва кўчатлар ҳолатини мунтазам кузатиш, қуриш сабабларини аниқлаб, бартараф этиш вазифаси қўйилди.
Дарахт экиш ишларини, аввало, аҳоли гавжум жойларда, пиёдалар йўлаклари ва туну кун ишлайдиган кўчаларда ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Бундай ҳудудларда соя берувчи дарахтларни кўпайтириш орқали одамларнинг юриши ва дам олиши учун қулай шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.
Тақдимотда “Яшил” маҳаллам” дастури доирасида маҳаллаларга комплекс хизматлар кўрсатиш таклифлари кўриб чиқилди. Маҳалла буюртмаси асосида сифатли кўчатлар, органик ўғит ва сув тежовчи суғориш воситаларини етказиб бериш, дарахтларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш хизматларини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.















