29-30 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтаётган «Global Talent Forum» халқаро форумининг кун тартибидан ёшларнинг билим ва тажрибасини мамлакат тараққиётига йўналтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби мавзулар ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этаётган форумнинг бош ҳамкори – Ўзбекистон Миллий банки (NBU), стратегик ҳамкори эса «Uzbekistan’s Club» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти. MKBANK, «Xalq banki» АТ, «Agrobank» АТБ, «Uzbekistan Airways» АЖ ва «PEPSI» ҳам форум ҳамкорлари ҳисобланади.

Анжуманда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Туркия Олий таълим кенгаши, Халқаро таълим институти (IIE), «Bolaşaq» дастури, Германия академик алмашинув хизмати (DAAD), British Council, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Education USA вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси маълумотларига кўра, 2025-2026 йилларда ўтказилган учта очиқ танловда қарийб 500 нафар ёшлар Президент стипендиясига сазовор бўлган. Уларнинг 80 фоизи дунёнинг Top-100 университетларига қабул қилинган. Форумда бу каби таълим дастурларининг натижалари, хорижда таҳсил олган ёшларнинг билим ва тажрибасидан Ўзбекистонда фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, малакали кадрлар тайёрлашда халқаро ташкилотлар, таълим муассасалари ва молия институтларининг ўрни масалаларига ҳам алоҳида урғу берилмоқда.

Форум дастуридан молия институтларининг инсон капиталини ривожлантиришдаги ролига бағишланган сессия, келгуси ўн йиллик учун ҳамкорлик истиқболларига оид мулоқотлар ва иш берувчилар билан учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда меҳнат бозоридаги кадрларга эҳтиёж, талаб юқори бўлган кўникмалар, ёшларнинг ишга жойлашиши ва касбий ўсиши учун зарур шарт-шароитлар асосий мавзулардан бўлади.

30 октябрь куни дастур доирасида «Эл-юрт умиди» жамғармасининг «Samarkand Tea Time» учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Унда иштирокчилар касбий тажрибаси ва ташаббуслари билан ўртоқлашади.