Россия ҳукумати собиқ иттифоқ ҳудудидаги жиноий тармоқлар орқали Украина Қуролли кучларининг Учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт «Мадяр» Бровдини топишга ёрдам берадиган маълумот учун 20 миллион доллар мукофот эълон қилди. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.
Бровди нашрга сўнгги бир йил ичида Россиянинг фронтдаги барча йўқотишларининг тахминан учдан бир қисми учувчисиз тизимлар қўшинлари ҳиссасига тўғри келишини айтди. Унинг сўзларига кўра, уруш бошланганидан бери унинг бўлинмалари 79 нафар жангчидан айрилган ва ҳалок бўлган ҳар бир жангчи учун 656 нафар россиялик ҳарбийни ярадор қилган ёки ўлдирган.
Таҳдидлар туфайли Бровди ва унинг қўл остидагилар кучайтирилган хавфсизлик чораларига риоя қилишга мажбур. Интервью давомида WSJ журналисти геолокацияни ўчириб қўйишга ва смартфонини мобил алоқа, Wi-Fi, Bluetooth ва GPS блокланадиган Фарадей пакетига жойлаштиришга мажбур бўлди. Уни қўмондонлик марказига ойналари қорайтирилган машинада олиб боришди.
Роберт Бровди — асли можар бўлган, Ужгородда туғилган шахс. Урушдан олдин у ғалла бизнеси билан шуғулланган, босқин бошланганидан кейин эса кўнгилли бўлиб урушга жўнаган. 2022 йил май ойида Бровди «Мадяр қушлари» ҳаво разведкаси бўлинмасини ташкил қилди. Вақт ўтиши билан у 414-алоҳида учувчисиз тизимлар бригадасига айланди.
2025 йил май ойида Бровди Украина Қаҳрамони унвонини олди ва бир ой ўтгач, УҚК Учувчисиз тизимлар кучларига раҳбар этиб тайинланди. Россияда Мадяр сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унга 46 та жиноят эпизоди, жумладан, «тинч аҳоли ўлимига ва сезиларли мулкий зарар етказилишига олиб келган терактлар» айблови қўйилган.

















