10 октябрь куни Ар-Риёд халқаро аэропортига ҳусийчилар уюштирган ҳужум оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди ва юзлаб инсонлар жароҳатланди. Бу ҳолат Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар ва Саудия бошчилигидаги коалиция ўртасида ҳарбий ҳаракатларини кучаяётган бир пайтда юз берди.
Саудия Арабистони фуқаро авиацияси маъмуриятининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар Саудия Арабистони фуқароси, икки нафар Бангладеш фуқароси бор. Шунингдек АҚШ, Иордания, Фаластин, Сурия, Судан ва Мисрдан бир нафардан фуқаро ҳалок бўлган. Сўнгги маълумотларига кўра, жами 309 киши жароҳатланган.
Ҳолатдан хабардор шахсларнинг Reuters'га айтишича, шифохоналар тез ёрдам машиналари ва вертолётларда келтирилган ярадорлар билан тўлиб кетган. Уларнинг айримлари оғир аҳволда.
Шанба куни Ар-Риёддаги барча рейслар бошқа йўналишларга буриб юборилди ва қарийб 8 миллион аҳолига эга шаҳарга хизмат кўрсатувчи аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Ҳусийчилар медиа офиси раҳбари ҳужумдан сўнг улар "Ар-Риёд халқаро аэропортини ёпиб қўйганини" айтди. Душанба куни ҳусийчилар йўловчи самолётлари Саудия Арабистони ҳаво ҳудудини айланиб ўтишлари кераклигини айтиб, ушбу ҳудудни ҳарбий операциялар зонаси деб эълон қилганди.
Гувоҳларнинг сўзлари
Ушбу зарбалар подшоҳликда ўн йилдан ортиқ вақт ичида энг кўп қурбонлар берилган ҳужум бўлди ва огоҳлантиришсиз юз берди. Хусусан, Саудия Арабистонининг хавф ҳақида огоҳлантириш тизими ишга тушмади. Шу ҳафта Қирол Холид халқаро аэропортига қилинган олдинги иккита ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган ва учиш-қўниш йўлагида турган Саудия Арабистонининг тижорат самолётига жиддий зарар етганди.














