Яман Президентлик бошқарув кенгаши раҳбари Рашад ал-Алимий Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ансоруллоҳ» (ҳусийлар) ҳаракатига қарши курашиш учун умумий сафарбарлик эълон қилди. У 25 сентябр куни телевидение орқали мурожаат қилиб, фуқароларни давлат қуролли кучлари ва хавфсизлик органлари сафига қўшилишга чақирди. Бу ҳақда Al Jazeera, France 24, Anadolu ва The Jerusalem Post нашрлари хабар берди.
Ал-Алимийнинг таъкидлашича, ҳукуматнинг мақсади давлат институтлари фаолиятини тиклаш ва суверенитетни мамлакатнинг бутун ҳудудига, жумладан, 2014 йилда ҳукумат назоратни қўлдан бой берган пойтахт Сано шаҳрига ёйишдир. У ҳусийларни террорчи милиция деб атади. Ҳаракатни тарк этиб, жангларни тўхтатганларга тўлиқ амнистия ваъда қилди. Унинг сўзларига кўра, амнистия дарҳол кучга киради, бироқ афв этиш конституциявий ва ҳуқуқий тартиб-таомиллар доирасида расмийлаштирилиши керак.
Бу баёнот ҳусийларнинг мамлакат ғарбидаги жиддий муваффақиятларидан сўнг янгради. Сентябр ойида улар Моха ва Маюн оролини эгаллаб, Қизил денгиз соҳилида мустаҳкамланиб олдилар. Бу уларга Боб ал-Мандиб бўғозига чиқиш имконини берди ва кема қатнови хавфсизлиги борасида хавотирлар уйғотди. Ўтган дам олиш кунлари ҳусийлар бир неча йил ичида биринчи марта Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёзга ҳужум қилди. Ҳукумат кучлари Саудия Арабистони авиацияси кўмагида жанг қилмоқда.
AFP маълумотларига кўра, Ал-Алимий президент Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбатда Вашингтондан ёрдам сўраган. Алоҳида ҳолатда, 25 сентябр куни Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон бош штаб бошлиқлари «Макка пакти» уч томонлама мудофаа шартномаси доирасидаги биринчи учрашувни ўтказди.
Al-Hadath телеканалининг хабар беришича, 28 сентябр куни Яман парламенти сафарбарликни расман эълон қилишни маъқуллаган. Ҳозирча бунинг бошқа тасдиғи йўқ. Сафарбарлик муддати, тартиби ва тоифалари ошкор қилинмаган.

















