Германиянинг Audi автоконсерни АҚШнинг Жоржия штатида ўзининг илк заводини қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳа учун қарийб 4 миллиард доллар сармоя ажратилади. Компания бош директори Гернот Дёеллнер ҳамда АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида ўтказилган тадбирда бу ҳақда эълон қилинди.

Шу вақтга қадар Audi Америка бозори учун автомобилларни Европа ва Мексикадаги заводларидан импорт қилиб келарди. Трамп маъмурияти томонидан импорт автомобиллари ва бутловчи қисмларига жорий этилган 15 фоизлик божлар сабаб компания ўтган йили 1,2 миллиард евро (тахминан 1,4 млрд доллар) қўшимча харажат қилишга мажбур бўлган. Экспертларнинг фикрича, молиявий босим ва АҚШ бозорида сотувларнинг қисқариши (жорий йилда сотувлар 16 фоизга тушган) немис брендини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга мажбур қиляпти.

Янги заводда йилига 200 мингтагача автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган. Асосан қимматбаҳо ва йирик йўлтанламаслар, жумладан, Audi Q7, Q8 ва Q9 моделлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Қурилиш кейинги йил бошланади, ишлаб чиқариш 2030 йиллар бошига мўлжалланган.