Жанубий Африкада Корал Ҳарт тахаллуси остида ижод қилувчи ёзувчи аёл атиги 20 ой ичида сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиб 371 та ишқий роман ёзди ва уларнинг савдосидан 1 миллион АҚШ долларидан кўпроқ (тахминан 16,5 миллион Жанубий Африка ренди) пул ишлаб топди.
Корал Ҳарт ўз ишида ChatGPT, Claude вa Grok каби оммабоп СИ чат-ботларидан фойдаланади. Бироқ у матнни тўлиқлигича компютер ихтиёрига ташлаб қўймайди. Китоб ғояси, сюжет чизиқлари, қаҳрамонлар характери ва боблар режасини ёзувчининг ўзи мустақил тузади. Сунъий интеллект эса берилган режа асосида матн қораламасини ёзиш ва таҳрирлашда кўмаклашади. Тайёр бўлган ҳар бир асар охирда қайта ўқиб чиқилади ва камчиликлари тўғриланади. Китоблар Amazon ва бошқа онлайн маркетплейсларда сотилган.
Муваффақиятга қарамай, ёзувчи ўзининг ҳақиқий исмини жамоатчиликдан қаттиқ сир сақламоқда. Сабаби — у СИ орқали китоб ёзишга қарши бўлган анъанавий ёзувчилар ва китобхонлар томонидан минглаб ғазабли хабарлар ва ҳатто ўлим таҳдидларини олган.
Ҳарт хоним сунъий интеллектдан фойдаланишни бошлашдан аввал нашриёт соҳасида 14 йил ишлаган ва ўзи ҳам мустақил равишда ўнлаб китоблар ёзган тажрибали мутахассисдир. У бир неча ой давомида СИ промптларини тўғри беришни ўрганиб, матнни тезкор яратишнинг шахсий методологиясини шакллантирган.
Ушбу кейс китоб бозорида анъанавий муаллифлик ҳуқуқи ва адабиёт мазмуни бўйича катта баҳсларга сабаб бўлмоқда. Бир гуруҳ экспертлар буни "адабиётни қадрсизлантириш ва конвейерга айлантириш" деб ҳисобласа, бошқалар СИни ёзувчининг тезлигини оширувчи самарали "ҳамроҳ" сифатида баҳоламоқда.













