Рақобат қўмитаси 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасида 116 та акция ва чегирмани ўрганди, дея хабар берди қўмита ахборот хизмати.
Ўрганишлар давомида 65 та муаммо ва камчилик аниқланди. Айрим ҳолларда эълон қилинган чегирмалар амалда бошқача қўлланилган, акция шартлари тўлиқ тушунтирилмаган ёки ғолибларга ваъда қилинган совринлар берилмаган.
Жумладан, Андижон вилоятида Water Life Mineral МЧЖнинг «Орзу ушалсин» акциясида уч нафар иштирокчига жами 60 млн сўмлик соврин берилмаган. Ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор қабул қилинган ва кўрсатма берилган.
Наманганда фуқаро «Наманган автотеххизмат» МЧЖ акциясида Cobalt автомобилини ютиб олган. Бироқ телефон рақами нотўғри терилгани сабабли у билан боғланиш имкони бўлмаган ва ютуқ бошқа шахсга берилган. Қўмита аралашувидан сўнг автомобил ҳақиқий ғолибга қайтарилган.
Шунингдек, Намангандаги Baldini дўконида 50 фоиз чегирма эълон қилинган бўлса-да, маҳсулотларда нархномалар бўлмаган. Бухородаги Idea дўконида эса 20, 50 ва 60 фоизлик чегирмалар маҳсулотнинг умумий нархига эмас, балки муддатли тўловнинг ойлик тўловларига қўлланилган.
Самарқандда «Самарқанд Автотеххизмат» МЧЖнинг автомобил харид қилганларга маиший техника совға қилиш акцияси фақат Chevrolet автомобили учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилган харидорларга татбиқ этилган. Муддатли тўлов асосида автомобил олганлар ва юридик шахслар акцияда иштирок эта олмаган. Қоидабузарликлар аниқлангач, корхонага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Қашқадарё вилоятида Idea брендининг смартфонларни бўлиб тўлаш асосида харид қилиш бўйича акциялари рекламасида ҳам айрим маълумотлар кўрсатилмаган. Хусусан, акциядаги маҳсулотлар сони, уларнинг олдинги 30 кун ичидаги энг паст нархлари ва «1+1» акциясида қўшимча қайси маҳсулот берилиши аниқлаштирилмаган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан 59 та камчилик (90,7 фоиз) ҳуқуқий тушунтиришлар ва огоҳлантириш хатлари орқали бартараф этилган. 4 та тадбиркорлик субъектига нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатмалар берилган. Истеъмолчилар фойдасига 250 млн сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Рақобат қўмитаси акция ва чегирмаларни назорат қилишнинг янги рақамли механизмлари бўйича таклифлар тайёрламоқда. Қўмита маълумотларига кўра, маҳсулот ёнидаги QR-кодни сканерлаш орқали харидор унинг аввалги нархлари ва чегирманинг ҳақиқий миқдори ҳақида маълумот олиши мумкин бўлади. Шунингдек, акция шартларини улар бошланишидан олдин махсус электрон тизимда қайд этиш ва маҳсулотлар нархининг ўзгариш тарихини рақамлаштириш таклиф қилинмоқда. Бу чегирмаларнинг ҳақиқийлигини текшириш ва нархлар ўзгаришини кузатиш имконини бериши кутилмоқда.












