26 октябр куни E-auksion платформасида Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Республика аэрогеодезия маркази биносини сотиш бўйича очиқ аукцион якунига етди. Бошланғич нархи 157,8 млрд сўм этиб белгиланган объект учун икки талабгор курашган. Савдолар якунида “UTKIR SHOP” МЧЖ 213 млрд сўмлик таклиф билан ғолиб деб топилган. Якуний нарх бошланғич қийматдан 55,2 млрд сўмга (қарийб 35 фоиз) ошган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Лот маълумотларига кўра, бино ва иншоотларнинг умумий майдони 9 975 квадрат метрни ташкил этади. Биргаликда фойдаланишдаги ер участкаси 1,3352 гектар бўлиб, сотилаётган объектга тегишли ер улуши 1,1355 гектар деб кўрсатилган.

Савдо шартларига мувофиқ, Республика аэрогеодезия маркази сотувдан кейин бинодан бир йил давомида бепул фойдаланади. Ушбу муддат тугагач, объект харидорга топширилади. Лотда инвестиция киритиш ёки иш ўринлари яратиш бўйича аниқ мажбуриятлар кўрсатилмаган.

Тўлов шартлари қандай?

Лотда харидорга тўловни бўлиб амалга ошириш имконияти берилган. Жумладан, уч ой давомида нархнинг 35 фоизи тўланса, қолган суммани беш йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаш мумкин. Олти ойда 50 фоиз тўланган тақдирда эса қолган сумма етти йил давомида фоизсиз тўланиши мумкин.

Шунингдек, олти ой ичида тўлиқ тўлов амалга оширилса, жами суммага нисбатан 25 фоиз чегирма берилиши назарда тутилган.

Объект президентнинг 2026 йил 28 августдаги ПФ-177-сон фармонида белгиланган давлат активларини хусусийлаштиришнинг янги механизмлари доирасида савдога чиқарилган.