5 ноябр куни Ню Йорк мэрлиги учун сайловда Зоҳран Мамдани ғалаба қозонгани бутун дунё эътиборини ўзига қаратди. Мусулмон, Фаластин мустақиллиги тарафдори ва демократ-социалист бўлган Мамдани АҚШ сайловларидаги энг ёш ва энг кўп муҳокамалар марказида турган номзод бўлди. Аммо унинг Трамп томонидан қўлланган Эндрю Куомо устидан қозонган ғалабаси – демократларнинг бу сайловлардаги ҳайратомуз муваффақиятининг фақат бир қисми эди.
Пайшанба кунига келиб, демократлар бутун мамлакат бўйлаб бир қатор ишончли ғалабаларга эришгани маълум бўлди – энг кўзга кўринган сайлов кампанияларидан тортиб, унчалик машҳур бўлмаган маҳаллий сайловларгача. Бир йил олдин сайловчилар овози ўнг қанотга силжиган округлар бу йил яна йўналишни ўзгартирди. Politico нашри маълумотларига кўра, экзитполлар демократлар олий маълумотга эга бўлмаган сайловчилар орасида ҳам ўз кўрсаткичларини яхшилашга муваффақ бўлганини кўрсатган.
Демократик партия номзодлари Ню Жерси ва Виржиниядаги губернаторлик сайловларида катта фарқ билан ғалаба қозониб, Камала Ҳарриснинг бир йил аввал Трамп билан тўқнашувдаги натижаларини сезиларли даражада ортда қолдирди.
«Виржиния аҳолиси ва бутун мамлакат бўйлаб сайловчилар Трамп маъмуриятига нисбатан ғазабларини баланд овозда ва шубҳасиз эълон қилишди. Демократларда давомат рекорд даражада бўлди ва бу келгуси йилда нималарни кутишимиз кераклигини кўрсатади», – деди Демократик партиянинг сиёсий стратеги, Виржиния вице-губернатори номзодининг сайловолди кампанияси устида ишлаган Кристина Фройндлих Politico нашрига.
Виржиния

Ҳудудий сайлов натижалари азалдан оралиқ ва президентлик сайловлари олдидан барометр ҳисобланадиган Виржинияда демократлар Вакиллар палатасидаги 13 та ўринни республикачилардан тортиб олишди, бу билан сўнгги 40 йил ичида энг катта фарқни юзага келтиришди.
«Виржиниядаги бугунги сайловлар ҳақиқий сиёсий зилзила бўлди», – деди Демократик партиянинг қонунчилик кампаниясини ўтказиш қўмитаси президенти Ҳизер Уилямс Guardian нашрига.
Губернаторлик сайловларида демократ, собиқ конгрессмен ва Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Абигейл Спанбергер ғалаба қозонди. У бу штатда илк аёл губернаторга айланди.
















