Агентлик маълумотига кўра, ўқувчининг отаси 30 сентябр куни ички ишлар органларига мурожаат қилган. Суриштирув натижасида ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилган ва суд муҳокамасидан сўнг тегишли жазо чораси қўлланган. Расмий хабарда суд тайинлаган жазонинг тури ва миқдори очиқланмаган.

Ҳолат аниқлангач, техникумда хизмат ўрганиши ташкил этилган. Унда воқеанинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда масъул ходимларнинг ўз вазифаларини қандай бажаргани текширилган.

Ўрганиш якунларига кўра, хизмат вазифаларини бажаришда йўл қўйган камчиликлари учун техникумнинг ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари ва психолог лавозимларидан озод этилган.

Ўқувчига нисбатан номақбул хатти-ҳаракат содир этган ишлаб чиқариш таълими устаси билан тузилган меҳнат шартномаси бир томонлама бекор қилинган.

Шунингдек, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари ва физика фани ўқитувчисига ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган.

Агентлик барча ҳудудларда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилаётганини билдирган.

«Ҳар бир ўқувчи таълим муассасасида ўзини хавфсиз ва ҳимояланган ҳис қилиши керак», — дейилади муносабатда.

Агентлик бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун назорат ва профилактика механизмлари ишлаб чиқилиши, ўқувчилар мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш бўйича раҳбар ва ходимларнинг жавобгарлиги кучайтирилишини маълум қилган.