Президентнинг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши кескин курашиш фаолиятини амалга оширишга масъул давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифалари белгилаб берилди. Улар қуйидагилар иборат:
а) таълим муассасаларида, ўқувчи ва талабалар орасида психофаол моддаларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда гиёҳвандлик иллатига муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни комплекс равишда амалга ошириш;
б) гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний айланмасига қатъий жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали барҳам бериш, бу борадаги жазо чораларини кескин кучайтириш ҳамда ёшларга нисбатан содир этиладиган наркожиноятлар учун жавобгарликни оғирлаштириш;
в) гиёҳвандлик воситаларини республика чегарасидан олиб кириш йўналишларини, интернет тармоқлари орқали тарқатиш ҳаракатларини, ноқонуний нарколабораторияларни ва наркожиноий уюшмаларни, шу жумладан, уларга ҳомийлик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш, улар фаолиятига чек қўйиш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини йўлга қўйиш;
г) гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган кимёвий моддалар (прекурсорлар) айланмаси устидан қатъий давлат назоратини ўрнатиш, гиёҳвандлик воситаларидан тиббиётда фойдаланувчи тиббиёт муассасалари, фармацевтика корхоналари ва дорихоналарнинг фаолиятини назорат қилиш амалиётига рақамли ечимларни жорий этиш;
д) аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида гиёҳвандлик ҳамда заҳарвандликни ташхислаш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни белгилаш.
Қайд этилишича, уюшган наркожиноятчиликка жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қарши курашиш фаолиятини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятлар” номли алоҳида янги бўлим киритилади. Шунингдек, наркожиноятларнинг янги шакллари, усуллари ва уюшганлик даражасидан келиб чиқиб, қуйидаги қилмишлар учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади:
















