Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим муассасалари филиалларида хавфсизлик тизимларини такомиллаштириш бўйича янги низом тасдиқланди. Шунингдек, мазкур йўналишда 2026–2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ҳам қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, таълим муассасаларида қўриқлаш ва назорат-ўтказиш тизимлари такомиллаштирилади, хавфсизликнинг техник воситаларига қўйиладиган талаблар белгиланади ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби жорий этилади. Шунингдек, муассасаларда видеокузатув, киришни назорат қилиш, хабар бериш ва ёнғин хавфсизлиги тизимларини босқичма-босқич модернизация қилиш кўзда тутилган.

Чора-тадбирлар дастури доирасида ҳар бир таълим муассасасида хавфсизлик бўйича ички режалар ишлаб чиқиш, ахборот тизимларини «Хавфсиз таълим» платформаси билан интеграция қилиш, кириш-чиқишни назорат қилиш воситалари ва кузатув камераларини янгилаш, шунингдек, қўриқлаш хизматлари ходимларининг малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.

Қарор билан белгиланган чоралар таълим муассасаларида ўқувчилар, талабалар ва ходимлар хавфсизлигини янада кучайтириш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда замонавий хавфсизлик инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган.