2026 йил июль ойидан буён Шанхай биржасининг STAR50 технологик индекси 40 фоизга қулади, унинг таркибига кирувчи компанияларнинг капиталлашуви эса 480 миллиард долларга қисқарди.

«Фонд бозори ақлбовар қилмас спекулятив пуфакка айланиб қолди», — деб фонд менежери Дун Баочженнинг сўзларидан иқтибос келтирди Reuters агентлиги. Унинг таъкидлашича, ушбу пуфак «айни пайтда ёрилмоқда».

Goldman Sachs маълумотларига кўра, Хитойдаги барча компаниялар бозор капиталлашувининг 42 фоизи ва савдо айланмасининг 57 фоизи сунъий интеллект компаниялари акциялари ҳиссасига тўғри келиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Reuters нашрининг ёзишича, йўқотишлар деярли барчага таъсир кўрсатган. Масалан, акцияларини бирламчи жойлаштириш (IPO) вақтида хусусий инвесторлар томонидан талаб таклифдан 8 минг баравар ошиб кетган робот ишлаб чиқарувчи Unitree компаниясининг акциялари август ойида савдолар бошланганидан буён икки баравар арзонлашди. Чип ишлаб чиқарувчи CXMT компаниясининг қимматли қоғозлари сўнгги бир ой ичида ўз қийматининг чорак қисмидан кўпроғини йўқотди. Ўтган йили биржага чиқиш чоғида нархи мос равишда 700 ва 400 фоизга осмонга сакраган MetaX Integrated Circuits ҳамда Moore Threads Technology чип ишлаб чиқувчиларининг акциялари ҳам июль ойидан бери икки баравар арзонлашди.

Экспертларнинг сўзларига кўра, акцияларнинг қулашига битта аниқ сабаб йўқ, бунда бир нечта омиллар ўз таъсирини ўтказган: юқори нархлар, солиқ мажбуриятлари, шунингдек, АҚШ ёки бошқа давлатлар маълумотларни қайта ишлаш марказларида Хитой ускуналаридан фойдаланишни тақиқлаб қўйиши мумкинлиги хавфи.

Шу билан бирга, айрим мутахассислар акцияларнинг ҳозирги ёппасига сотилишида ҳеч қандай фалокат кўрмаяпти. Хусусан, шу ой бошида Goldman Sachs томонидан эълон қилинган янгиланган тавсиялар рўйхатида сунъий интеллект соҳасидаги ўнлаб Хитой компаниялари қаторида Innolight ва CXMT ҳам қайд этилган. Ўз навбатида, BNP Paribas Securities эксперти Уильям Браттон ҳам бозордаги жорий ҳолат харидлар учун яхши имконият яратаётганини таъкидлади.