Nvidia бош директори Женсен Ҳуанг компания вице-президенти Кимберли Пауэлл билан никоҳдан ташқари ишқий муносабатда бўлган. Бу ҳақда The New York Times (NYT) газетаси Nvidia компаниясининг беш нафар амалдаги ва собиқ ходимига таяниб хабар берди.
Манбаларнинг сўзларига кўра, март ойида бўлиб ўтган Nvidia конференцияси чоғида Женсен Ҳуанг ва Кимберли Пауэлл Калифорниядаги меҳмонхоналардан бирида «бир-бирига меҳр-муҳаббат кўрсатаётгани» видеога тушиб қолган. Шу билан бирга, NYT журналистлари ушбу тасвирни кўрмаганини таъкидлайди.
Кимберли Пауэлл 2008 йилдан буён Nvidia компаниясида ишлаб келади, 2017 йилдан бери эса соғлиқни сақлаш соҳасидаги маҳсулотлар бўйича вице-президент лавозимини эгаллаб турибди. У тиббиёт технологиялари ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга масъул.
Аввалроқ, Женсен Ҳуанг Сингапурнинг Megaspeed компанияси раҳбари Элис Ҳуанг (улар фақат фамилиядош) билан ишқий муносабатлари сабабли можаро марказида қолган эди. АҚШ махсус хизматлари аёлни Хитой Давлат хавфсизлиги вазирлиги агенти деб ҳисоблайди, бироқ Хитой томони Nvidia раҳбарига нисбатан айғоқчилик қилингани фактини рад этмоқда. Компанияда мустақил текширув бошланган. The Wall Street Journal манбалари бу можаро Nvidia бош директорининг алмашиши билан якунланиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Nvidia директорлар кенгаши кетма-кет можаролар фонида бош директор Женсен Ҳуангни лавозимидан четлатиш масаласини кўриб чиқишга ҳозирлик кўрмоқда. Шу фонда компаниянинг Nasdaq биржасидаги акциялари 8,6 фоизга қулаб, ҳар бир қимматли қоғоз нархи 158,75 долларгача пасайди.













