Россия МСК Доғистон муфтийсининг рафиқасига рад жавобини берди
10:51 / 06.01.2018
18408
Фото: Life.ru

Россия Марказий сайлов комиссияси Доғистон муфтийсининг рафиқаси Айна Ҳамзатовага мамлакат президентлиги учун сайловларга номзод сифатида рўйхатга олиш борасида рад жавобини берди.

Nation News хабарига кўра, МСК Ҳамзатованинг мустақил номзод сифатида илгари сурилиши учун ташкил этилган сайловчилар гуруҳини рўйхатдан ўтказмади. Бунга илгари суришдаги қатор қонунбузарликлар сабаб қилиб кўрсатилган.

Хусусан, унинг қўллаб-қувватлов гуруҳи 25 декабрь куни йиғилиш ўтказиш тўғрисида билдиришнома юбориб, буни қонун билан ўрнатилган беш кунлик муддатни бузган ҳолда амалга оширган. Шунингдек, муфтий маслаҳатчиси комиссияга харажатлар тўғрисида маълумотномани тақдим этмаган. Бундан ташқари, сайловчилар гуруҳини рўйхатдан ўтказиш бўйича аризада унинг 300 га яқин иштирокчиси иш жойи ҳақида тегишли маълумотнинг йўқлиги ҳам яна бир қонунбузарликка айланган.

URA.RU’нинг аниқлик киритишича, Ҳамзатова Доғистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, ёзувчи, жамоат ва диний арбоб саналади. Шунингдек, у Россиядаги мусулмонларга мўлжалланган энг йирик ахборот ҳолдинги раҳбари ва муфтийнинг ҳукумат органлари билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси саналади.

Аввалроқ Доғистон муфтийсининг рафиқаси Россия президенти лавозимига номзодликка илгари сурилгани хабар берилганди.


Улашинг
Top