10:43 / 09.12.2018
33991
Баҳодир Жалолов профессионал боксдаги ғалабали сериясини давом эттирмоқда

Ҳаваскор боксда жаҳон чемпионати совриндори, бугунги кунда профессионал боксда фаолият олиб бораётган Баҳодир Жалолов бугун ўзининг навбатдаги жангида рингга кўтарилди.

АҚШнинг Калифорния штати Ла Пуэнте шаҳридаги «Industry Hills Expo Center» мажмуасида ўтказилган жангда Жалоловга америкалик Валентин Маркес рақиблик қилди.

Баҳодир Жалолов жангнинг биринчи раундидаёқ Маркесни нокаутга учратди ва фаолиятидаги тўртинчи жангни ҳам муддатидан олдин якунлади.

Қайд этиш кераакки, аввалига Баҳодир Жалоловнинг тўртинчи жанги 6 декабрь куни ўтказилиши керак эди, аммо унинг рақиби тиббий кўрикдан ўта олмагач, жанг бекор қилинганди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик бу боксчининг проффессионал рингда ўтказган жанглари сони тўрттага етди. У барча жангларини нокаут билан якунлаган. Валентин эса проф рингда 10та жанг ўтказган. Бешта жангда ғалаба (2таси нокаут билан) қозонган, 5та жангда мағлубият аламини тотиб кўрган. Баҳодир Жалоловга қарши баҳсда у фаолиятидаги илк нокаутини қабул қилиб олди.

Top