16:36 / 01.01.2019
17493
Игнатий Нестеров Осиё Кубоги рекордчисига айланмоқда
Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Шу ҳафта охирида 17-маротаба ташкил этаётган Осиё Кубоги баҳсларига старт берилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси «F» гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоалари билан бир гуруҳда кураш олиб боради.

ОФК расмий сайти БАА-2019 иштирокчиларига оид баъзи қизиқарли маълумотларни чоп этди.

Япония – энг кўп чемпионлик
1956 йилдан буён ўтказиб келинадиган Осиё Кубогида «самурайлар»нинг дебюти 1992 йилга тўғри келади. Шундай бўлса-да, ўтган давр мобайнида японлар жами 4 марта чемпионликни қўлга киритиб, бу борада қитъанинг энг етакчи жамоасига айланиб бўлишган. Япония 1992, 2000, 2004 ва 2011 йилларда бош соврин соҳиби бўлган.

Ўзбекистон – энг кўп марта қатнашган футболчи
Игнатий Нестеров учун БААдаги чемпионат бешинчи Осиё Кубоги бўлади. Бу – мусобақа учун рекорд натижа. Ҳозирга қадар Осиёнинг ҳеч бир футболчиси бундай кўрсаткич қайд эта олмаган. 

Сервер Жепаров ҳам бу галги турнирда қатнашганида, у ҳам шундай натижа соҳибига айланган бўларди, аммо Купер уни терма жамоага жалб этмади.

Уммон – армон плей-офф
Уммон терма жамоаси ҳозирга қадар 3 марта Осиё Кубогида қатнашган бўлиб, ҳар учала сафар ҳам иштирокини гуруҳ босқичидаёқ якунлаган.

Туркманистон - 15 йилдан сўнг
Бу юрт терма жамоаси иккинчи маротаба қитъа биринчилиги финал босқичида қатнашмоқда. Туркманлар дебютда ҳам Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олишганди. 2004 йил Хитойда ўтган турнир гуруҳ босқичида Миржалол Қосимовнинг ягона голи Ўзбекистонга ғалаба келтирган. Ҳозирги таркибдаги Игнатий Нестеров ва Марат Бикмаев ўша учрашувда тўлиқ вақт давомида майдонда бўлишганди.

Top