8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

17:30 / 20.06.2019 7347

«Миллий тикланиш» партияси таваккалчиликка асосланган телевизион кўрсатувлар фаолиятини танқид қилди

Фото: pravda.ru

Оммавий ахборот воситаларига оид қонунчилик ижроси устидан тизимли жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу борада мутасадди давлат идораларининг жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлаётган савияси паст, енгил-елпи материалларни эълон қилишда уларнинг жавобгарлигини ошириш масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси томонидан ўтказилган тадбирда муҳокама этилди.

20 июнь куни ташкил этилган тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, муҳокамада таваккалчилликка асосланган телемаҳсулотларни тайёрлашнинг ҳуқуқий оқибатлари ва жавобгарлик масалаларига асосий урғу берилди.

«Ўзбекистонда блогерлар жамияти шаклланмоқда. Тўғри сўз ва аччиқ ҳақиқатни айта оладиган блогерлар жамияти пайдо бўлди. Журналистлар орасида ҳам турли масалаларда эркин фикрлаб, таҳлилий-танқидий мақола ёзаётганлар кўпаймоқда. Бизнинг партия сўз эркинлиги ва медиа макондаги ижобий ўзгаришларни олқишлайди. 

Шу билан бирга, ёш авлод тарбиясига билвосита таъсир этувчи омиллар, хусусан ижтимоий хавф даражаси юқори бўлган таҳдидлардан ҳимояланишимиз зарурияти пайдо бўлмоқда», — дейди партия раҳбари Алишер Қодиров. 

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракция аъзоси Акмал Умрзоқовга кўра, капитал-шоу характеридаги телевизион кўрсатувлар тарихи «Борига барака»дан бошланмади.

«Аввал маълум тўлов эвазига сўз ўйини ва бошқотирмани ечиб, ютуққа эришиш мумкин бўлган, аслида таваккалчиликка асосланган ТВ шоулар пайдо бўлди. Халқнинг шу турдаги кўрсатувларга қизиқиши баланд эмасди, аммо эътиборсизлик туфайли капитал-шоунинг турли кўринишлари ҳам пайдо бўлди», — дейди депутат Умрзоқов. 

Депутат қимор ё таваккалчиликка асосланган ўйинлар Ўзбекистонда тақиқланган бўлса-да, ўйинларнинг гибрит кўриниши ТВда пайдо бўлаётганини таъкидлади.

«Афсуски, бу ўйинларда иштирок этиш бўйича ишлаб чиқилган норма мавжуд эмас. Унинг иштирокчиси эса 18 ёшга кирган ўспирин ҳам бўлиши мумкин», — дея қўшимча қилган у.

Тадбирда маъруза қилган «Маданият ва Маърифат» телеканали директори Фарҳод Тўраев нодавлат-хусусий телеканалларда бадиий кенгашнинг фаолияти суст олиб бораётганига аҳамият берди. У ахборот етказиб берувчи субъектнинг истеъмолчи олдидаги масъулияти ҳақида гапира туриб, айнан МТРК таркибига кирувчи каналда «Кафил шоу» кўрсатуви эфирга узатилишини эслаб ўтмади.

Тадбир якуни бўйича, фракция аъзолари ушбу масалада жамоатчилик фикрини кенгроқ ўрганиши, агар эҳтиёж пайдо бўлса, қонунчилик базасини қайта кўриб чиқишини билдиришди.

Top