16:41 / 04.12.2019
0
4563
Олимпия ўйинларининг очилиш маросимига ўзгариш киритилди

Халқаро Олимпия қўмитаси Олимпиадаларнинг очилиш маросимидаги мамлакатлар парадига ўзгартириш киритди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Бунгача очилиш маросимида дастлаб Олимпия ўйинларининг асосчилари грецияликлар стадионга чиқиб келишар, парад якунида эса мусобақа мезбонлари кўриниш берар эди.

ХОҚнинг 3 декабрда тасдиқлаган қарорига кўра, дастлаб Греция, сўнг Рио-2016дан бошлаб иштирок этаётган қочоқлар терма жамоаси парадни бошлаб беради. Шунингдек, якунда мезбон жамоадан аввал келгуси Олимпия ўйинларининг мезбонлари чиқиб келиши тасдиқланди.

Шунга кўра, Токио Олимпиадасининг очилиш маросимида мамлакатлар парадини АҚШ (2028 йилги Олимпиада мезбони), Франция (2024 йилги Олимпиада мезбони) ва Япония делегациялари якунлаб беради. Қолган мамлакат вакиллари эса Олимпиада учун танлаб олинган асосий тил алифбосига қараб чиқиб келишади. Мазкур қоида ҳам ёзги, ҳам қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимига тааллуқли ҳисобланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top