10:46 / 11.02.2020
0
8415
Хитойнинг 300та компанияси коронавирус сабабли 8,2 млрд доллар қарз олмоқчи

Юзлаб компаниялар, шу жумладан Xiaomi ва DiDi, банклардан жами 8,2 миллиард доллар сўради. Улардан баъзилари эпидемияга қарши курашга жалб этилган, бошқалари коронавирус фонида катта молиявий йўқотишларга дуч келди

Фото: Vincent Yu / AP

Хитойнинг бир неча юзлаб компанияси ўтган йил охирида ХХРда тарқалишни бошлаган коронавируснинг оқибатларини юмшатиш учун банкларга жами 8,2 миллиард доллар миқдорида қарз беришни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда Reuters банк секторидаги иккита манбага таяниб хабар берди.

Уларда кредит олиш учун мурожаат қилган компанияларнинг иккита рўйхати нусхалари мавжуд. Компаниялар орасида смартфонлар ишлаб чиқарувчи Xiaomi, Хитойда овқат етказиб бериш бўйича энг йирик ширкат Meituan Dianping, транспорт хизматларини тақдим этувчи DiDi, технологик компания Megvii, шунингдек, антивирус ва мобил иловалар ишлаб чиқувчи Qihoo 360 бор.

Манбалардан бирига кўра, юқорида кўрсатилган компаниялар ёки коронавирусга қарши курашга фаол жалб этилган, ёки у туфайли энг катта молиявий йўқотишларга дуч келган. Агентлик суҳбатдошларининг таъкидлашича, кредит олиш учун мурожаат қилган ташкилотлар энг қисқа вақт ичида банклардан розилик олиши мумкин. Бундан ташқари, уларга имтиёзли ставкалар бўйича қарз берилади.

«Қарз бериш бўйича сўнгги сўз банкларда қолади. Эҳтимол, фоиз ставкалари банкларнинг етакчи мижозларига таклиф этиладиган ставкалар билан бир хил бўлиши мумкин», - деди манбалардан бири.

Reuters’нинг қайд этишича, авж олган эпидемиядан омон чиқиб олиш мақсадида Хитой компаниялари бутун мамлакат бўйлаб олишга ҳаракат қилаётган кредитларнинг умумий миқдорини ошкор қиладиган расмий маълумотлар йўқ. Шу билан бирга, манбалар томонидан тақдим этилган рўйхатларда компаниялар сўраётган пул миқдори кўрсатилган.

Хусусан, Xiaomi тиббий ускуналар ва аксессуарлар, шу жумладан ниқоблар ва термометрларни ишлаб чиқариш ҳамда сотиш учун 5 миллиард юан (716 миллион доллардан ортиқ) миқдорда қарз сўрамоқда. Ўз навбатида, Meituan Dianping 4 миллиард юан (572,9 миллион доллар) олиш ниятида. Компания ушбу пулнинг бир қисмини вируснинг тарқалиши юз берган Ухан шаҳрида тиббиёт ходимлари учун озиқ-овқатни бепул етказиб беришга йўналтирмоқчи.

Ҳужжат нусхасида кўрсатилишича, «коронавирусдан жиддий зарар кўрган» DiDi 50 миллион юан (7,16 миллион доллар) олишга ҳаракат қилмоқда, Qihoo 360 эса тиббий буюмлар сотиб олиш ҳамда вирусни кузатиш иловалари бўйича ишларни молиялаштириш учун 1 миллиард юан (143,25 миллион доллар) сўраяпти. Megvii бир нечта технологиялар ишлаб чиқишни режалаштирмоқда, улардан бири «омма ичида ниқобли одамларни аниқлашнинг аниқлигини оширади».

2019-nCoV коронавирусининг тарқалиши ўтган йил охирида Хитойнинг Хубэй провинциясида юз берди. Январь ойида вирус Хитойнинг барча минтақаларида, шунингдек чет элда ҳам фаол тарқалди. ХХР соғлиқни сақлаш бўйича Миллий комиссияси сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб бу касалликка чалинганлар сони 40 мингдан ошди, қурбонлар сони 900 кишидан ортиб кетди. 

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top