12:16 / 20.02.2020
1
8378
Солиқ имтиёзлари беришнинг янги принципи жорий этилди

Имтиёз тегишлилиги бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ДСҚ томонидан тақдим этилади 

Фото: Shutterstock

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқ имтиёзлари беришнинг янги принципи жорий этилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, эндиликда солиқ имтиёзлари фақат Солиқ кодексида назарда тутилган меъёрлар бўйича берилади.

Мустасно ҳолатларда айрим солиқ имтиёзлари президент қарори асосида жорий этилади. Алоҳида имтиёзлар ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, белгиланган солиқ ставкасини 50 фоизгача камайтириш тарзида берилиши мумкин. Бунда имтиёз муддати уч йилдан ошмаслиги белгиланган. Ушбу алоҳида имтиёзларда ҚҚС, акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар назарда тутилмайди.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналарни ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш бўйича меъёр киритилди.

Бунда солиқ тўловчида берилган муддат мобайнида солиқларни тўлаш имконияти юзага келишига етарлича асослар мавжудлиги инобатга олинади.

Ушбу имтиёз тегишлилиги бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан тақдим этилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top