16:33 / 21.02.2020
3
18921
Ўзбекистон ва Туркия эркин савдо ҳудуди ташкил этишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва Туркия эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов маълум қилди.

Фото: Anadolu Agency

Унинг сўзларига кўра, ҳозир томонлар имтиёзли савдо тўғрисидаги келишув бўйича музокаралар олиб бормоқда. «Келгусида биз эркин савдо зонаси тўғрисида келишувга эришамиз. Бу бизнинг режаларимизда бор», - деди Умурзоқов президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи бўйича қўшимча маълумот бериб.

Вазир сўнгги уч йил ичида икки томонлама савдо айланмаси ҳажми икки баравар кўпайганини, 2020 йил охирига қадар эса томонлар у 3 миллиард долларлик даражага етишини кутаётганини таъкидлаб ўтди.

«Президентлар яқин келажакда савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди. Бунинг учун бизда барча асослар бор. Туркиялик шерикларимиз билан жуда жиддий ишлашимиз керак. Аввало, имтиёзли савдо тўғрисидаги келишувни имзолаш йўналиши бўйича. Биз бу билан шуғулланмоқдамиз», - дея қўшимча қилди Умурзоқов.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари Туркияга ташриф буюрди ва у ерда икки мамлакат раҳбарлари раислигида биринчи маротаба олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида давлатлараро ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар, уларни ҳал қилиш йўллари, истиқболдаги муҳим вазифалар кўриб чиқилди, томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди. Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи мажлиси якунлари бўйича қўшма баёнот, шунингдек, савдо, иқтисодиёт ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатлар имзоланди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Мирзиёев Туркиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашди, Туркия Республикаси президенти қошидаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top