11:20 / 27.02.2020
2
58875
Путин Россиянинг собиқ СССР республикалари активларига бўлган даъволари ҳақида эслатди

Россия ўзини СССРнинг вориси деб тан олди ҳамда собиқ совет республикалари, шу жумладан, Украина учун қарзларни тўлаб берди. Янги давлатлар ўз ҳиссаларини тўламаганлиги сабабли, Москва уларга қолган активлар учун даъво қилиш ҳуқуқига эга

Фото: Дмитрий Азаров / Коммерсантъ

СССРнинг вориси бўлган Россия олдинги барча республикаларнинг қарзларини чет элдаги активлар эвазига тўлаб бериш мажбуриятини ўзига олди. Бу ҳақда президент Владимир Путин Конституцияга ўзгартиришларни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ билан учрашувда эслатиб ўтди, дея хабар қилмоқда ТАСС. СССРнинг қарзлари тўлаб берилганига қарамай, Россия ўзига берилиши лозим бўлган активларни олмади, деб таъкидлаб ўтди Путин.

«Биз ҳамма учун кредитларни ёпдик, совет иттифоқи маконида янги ташкил этилган баъзи давлатлар эса бизга чет элдаги активларини бермади», - деди Путин.

Президентнинг фикрига кўра, Россия СССРнинг вориси бўлишга ва собиқ республикаларнинг барча қарзларини тўлашга рози бўлганида «бутун дунё жуда хурсанд эди». «Менимча, биз Украинанинг ўзи учун 16 миллиард тўлаб бердик», - деди у.

1993 йилда Россия ташқи қарз бўйича собиқ совет республикаларининг мажбуриятларини ўз зиммасига олди, улар эса совет иттифоқининг ташқи активларидаги ўз улушларидан бош тортди. 1994 йил январь ойи маълумотларига кўра, собиқ СССРнинг қарзи 104,5 миллиард долларни ташкил этган, шу жумладан, Париж кредиторлар клуби олдида - қарийб 50 миллиард доллар. 2006 йилда Россия уни муддатидан олдин тўлаб берди, 2017 йил август ойида эса Босния ва Герцеговинага 125,2 миллион доллар берилди: бу тўлов совет иттифоқининг ташқи қарзларини тўлаш бўйича иш жараёнидаги охиргисига айланди.

Аввалроқ, Россия Конституциявий суди судьяси Константин Арановский Россия СССРга нисбатан ҳуқуқий ворисликни тўлиқ ўзига қабул қилмаслиги кераклиги ва совет иттифоқида содир этилган «репрессив-террористик ҳаракатлар»нинг ворисига айланмаслиги лозимлиги ҳақида айтганди. Унинг фикрига кўра, Россия «ноқонуний равишда тузилган» давлат - совет иттифоқини алмаштирди, шунинг учун «унинг фаолияти оқибатлари билан», шу жумладан, 1930-йиллардаги сиёсий қатағонлар билан «ҳисоблашиши керак». Аслида, мамлакат «СССР ўрнига ва қарши» тарзда тузилди, шунинг учун «тоталитар жиноятларга алоқадор бўлмаган» давлатнинг конституциявий мақомига эга бўлиши лозим.

Кремль Россия «ҳар қандай ҳолатда ҳам СССРнинг вориси» эканлигини таъкидлаб, Конституциявий суд судьясининг позициясига изоҳ беришдан бош тортди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top