17:32 / 15.04.2020
4961
Коронавирусга чалинган беморлар билан масофавий сўров ўтказиш учун 170та планшет ажратилган

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов карантин ҳудудларининг телекоммуникация таъминоти юзасидан ахборот берди.

«Республикада карантин объектлари 129 та симли ва 56 та мобиль телефон алоқаси билан таъминланиб, узлуксиз ишлаши назоратга олинган.

Коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида ташкил этилган идоралараро ишчи гуруҳлар штаблари телекоммуникация хизматлари билан таъминланди. Беморлар билан масофадан тезкор сўров ишларини амалга ошириш учун 170 та планшет қурилмалари сим-карталари билан ажратилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган карантин ҳудудида барқарор алоқани ташкил этиш учун 2 та қўшимча база станциялар (Beeline ва Uzmobile) ўрнатилди, 840 дона стационар ва 1 100 та мобиль телефон аппаратлари тегишли имтиёзли дақиқалари билан таъминланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат асосида Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги жами 87 та шифохоналар ўртасида операторларнинг видеоконференция тизими орқали мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда.

Мудофаа вазирлиги харбий ҳизматчилари учун эса карантин даврида ишончли алоқа каналлари ташкил этмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб карантинга жойлаштирилган объектлар ўртасида ВПН хизматлари тақдим этилиши йўлга қўйилди», – деди Шерзод Аҳмадов 15 апрель куни АОКАда ташкил этилган брифингда.

Top