14:10 / 12.05.2020
33997
Тошкентда «тажриба тариқасида» очилган ресторан карантин қоидаларини бузгани учун ёпиб қўйилди

Карантин даврида тажриба тариқасида ишга туширилган «Qanotchi» ресторани яна ёпилди.

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳридаги машҳур «Qanotchi» ресторани очилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар карантин вақтида истеъмолчиларни қабул қилишни бошлаб юборган ресторан ҳақида асосан салбий фикрлар билдиришди.

Кўп ўтмай айни масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси баёнот бериб, Qanotchi қаҳвахонаси карантин қоидаларига зид ҳолда ўзбошимчалик билан ҳаракат қилгани сабаб ёпиб қўйилганини маълум қилди. 

«Яккасарой туман санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг 2020 йил 9 майдаги билдирги хатига асосан, Тошкент шаҳри, Муқимий ва Қушбеги 1-тор кўчаси, 21-уйда жойлашган «GОURMET RESTAURANT» МЧЖга қарашли «QANOTCHI» қаҳвахонаси карантин талабларига риоя этмасдан, ўзбошимчалик билан фаолият юритганлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан зудлик билан Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекциясининг буюртмасига асосан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар вакилининг 2020 йил 10 майдаги келишуви асосида текширув амалга оширилди.

Текширув давомида коронавирус тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги 21-сонли йиғилиш баёнига зид равишда коронавирус пандемияси даврида рухсат берилмаган фаолият тури билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, ушбу корхонанинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Қаҳвахона раҳбари Агзамов Сардорхўжа Эркиновичга нисбатан МЖтКнинг 54-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик бўйича тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Яккасарой туман Маъмурий судига киритилмоқда», дейилади агентлик баёнотида.

Олдинроқ қатор органлар «Qanotchi» ресторани «тажриба тариқасида» очилгани ҳақида маълум қилганди. Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг бу борадаги баёнотида шаҳарда умумий овқатланиш муассасалари босқичма-босқич очилишига тайёргарлик кўрилаётгани айтилган.

«Qanotchi» ресторани тажриба тариқасида очилган. Бу пойтахтдаги иншоотларни босқичма-босқич очишга тайёрланиш чора-тадбирлари доирасида амалга оширилган. Тажриба тугади, бино ёпилган.

Тошкент шаҳар ҳокимияти, шаҳар ИИБ ва СЭОМ билан биргаликда шаҳардаги умумий овқатланиш шохобчаларини очиш режаси ишлаб чиқилди. Тажриба сифатида «Qanotchi» ресторани танланди. Ресторан ўз ҳисобидан овқатланиш залини санитария қоидаларига мос тарзда жиҳозлади.

Рестораннинг одатий тартибда ишга тушгани ҳақида оммага тақдим қилинган маълумот юзасидан эса, нотўғри ахборот тарқатиб, пойтахт аҳолисига янглиш маълумот берганлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», дейилган пойтахт ҳокимлиги баёнотида.

Ресторан тажриба тариқасида ишлагани борасида Тошкент шаҳар ИИБ ҳам баёнот берган.

«Qanotchi» ресторанида умумий овқатланиш жойларининг санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилган ҳолда ишлаш имкониятини ўрганиш мақсадида синов ўтказилди. СЭХ хизматлари ишчилари билан ҳамкорликда ўтказиладиган синов ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ хабардор қилинган эди», дейилади баёнотда.

Маълумот учун, «Qanotchi» ресторани гўштли таомлар тайёрланиши билан танилган. Унинг бош ошпази таниқли қўшиқчи Жаҳонгир Фозилжоновнинг акаси Абдураҳмон Фозилжонов ҳисобланади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top