18:44 / 26.05.2020
18940
Тўрткўл тумани ҳокими алмашди

Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл тумани ҳокими Янгабой Аминович Бобожонов лавозимидан озод этилган. 26 май куни туманга янги раҳбар тайинланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг махсус фармойиши билан Рустам Шамуратов Тўрткўл тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

У 26 май куни халқ депутатлари Тўрткўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида туманнинг янги ҳокими сифатида таништирилган.

Рустам Шамуратов

Рустам Азатович Шамуратов шу вақтгача Элликқалъа тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Рустам Шамуратов турли йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг иқтисодий ривожлантириш масалалари котибияти бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи, Тўрткўл тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Элликқалъа тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ҳам фаолият юритган.

Тўрткўл туманининг собиқ ҳокими Янгабой Аминович Бобожонов 2018 йилнинг кузида Неъматулла Худойберганов ўрнига келганди.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни президент иштирокида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселекторда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилганди. Хусусан, Бўстонлиқ, Муборак, Яккабоғ, Тўрткўл, Сўх туманлари ва Оҳангарон шаҳри қаторида Марҳамат туманида ҳам тадбиркорлар томонидан эътирозлар кўплиги маълум бўлгани айтилганди.

Шундан сўнг, Муборак, Яккабоғ ва Марҳамат туманларида ҳокимлар ишдан олинди.

Top