16:13 / 30.11.2020
11322
Молдованинг сайланган президенти Днестрбўйидан Россия қўшинлари олиб чиқиб кетилиши шартлигини айтди

Днестрбўйи ҳудудида Россия қўшинларининг иккита қисми жойлашган.

Фото: AFP

 Молдованинг сайланган президенти Майя Санду Днестрбўйидан Россия қўшинлари олиб чиқиб кетилиши бўйича музокара ўтказиш кераклигини айтди.

“Днестрбўйи ҳудудида Россия қўшинларининг иккита қисми жойлашган. Россия қўшинлари тезкор гуруҳи Молдовада ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз турибди. Бу қўшинларнинг жойлашиши тўғрисида ҳеч қандай келишув ҳам, бу гуруҳнинг мамлакат ҳудудида бўлиб туриши бўйича Молдованинг розилиги ҳам йўқ. Бу қўшинлар ҳам, улар қўриқлаётган қурол-яроғлар ҳам олиб чиқиб кетилиши шарт”, – деб таъкидлади Санду.

 Унинг қайд этишича, Молдовада Россия тинчликпарвар кучлари ҳам мавжуд.

“Молдовада тинчликпарвар кучлар 1992 йил 21 июлдаги келишувга мувофиқ турибди. Ҳозирда қуролли низо қайтадан авж олиши хатари йўқ. Биз бу тинчликпарварлик операциясини ЕХҲТ мандати остидаги халқаро фуқаровий миссияга айланиши тарафдоримиз”, – деди Санду.

Молдова президентининг сўзларига кўра, Россия бошқача нуқтаи назарда.

“Биз Россия бошқача фикрда эканлигини кўриб турибмиз. Мулоқот, музокара ўтказамиз, муҳокама қиламиз. Биз ўз ҳудудида хориж қўшинлари бўлишини истамайдиган мустақил мамлакатмиз”, – деди Санду.

 Молдованинг собиқ бош вазири Майя Санду президент сайловида амалдаги президент Игор Додонни ортда қолдириб ғолиб бўлди. Додоннинг ваколатлари 23 декабрда тугайди. Сандунинг инаугурация маросими 24 ёки 25 декабрда бўлиб ўтади.

Top