15:02 / 28.12.2020
48368
Қамчиқ довонида ўрнатилган калиш композицияси уч кундан сўнг олиб ташланди

Композицияни калиш ишлаб чиқарувчи хусусий корхона ўрнатган. Ижтимоий тармоқлардаги танқидлардан кейин у демонтаж қилинди. Kun.uz мухбири корхона раҳбари билан боғланди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлардан бири

Ўтган ҳафта Қамчиқ довонида юмшоқ калишга бағишлаб композиция очилган, унинг очилиш маросимидан олинган суратлар интернетда тарқалган эди.

Kun.uz мухбирининг аниқлашича, композиция чарм маҳсулотларидан оёқ кийимлар ишлаб чиқарадиган корхона томонидан ўрнатилган.

Корхона ижрочи директори Аюбхон Яҳёевнинг айтишича, улар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг маркетинги бўйича ноодатий усулдан фойдаланмоқчи бўлган.

«Корхонамиз асосан калиш ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Маҳсулотимизни замонавий маркетинг усулида халққа етказмоқчи бўлдик. Шу мақсадда, одам гавжум бўладиган, марказий йўл – Қамчиқ довонига калиш ҳайкалини ўрнатган эдик», – деди корхона раҳбари.

Ҳайкал очилганидан сўнг уч кун ўтиб олиб ташланди.

Ҳозир композиция демонтаж қилинган.

Композиция ўрнатилган жойдан олиб ташланганидан сўнг, Kun.uz мухбири ташаббускор корхона раҳбари Аюбхон Яҳёев билан боғланиб, нима учун бундай қилингани билан қизиқди. Бироқ у саволга ҳеч қандай изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Норасмий маълумотларга кўра, ўрнатилган мазкур композиция борасида ижтимоий тармоқларда тарқалган салбий фикрлар сабаб, ҳудуддаги давлат бошқаруви органларининг таклифи билан калиш ҳайкали олиб ташланган.

Қайд этиш лозим, Қамчиқ довони бўйлаб йўл четларида ва тоғ қояларига ўнлаб ташкилотлар ва брендларнинг реклама ёзувлари жойлаштирилган.

Top